Индонезияда вулқон отилишни бошлади
Вулқон 2 минг метр баландликка қайноқ кул отган ва у бир неча километрга ёйилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган.

Фото: Getty Images
Индонезиядаги энг фаол вулқонлардан бири Марапи ҳаракатга келди. У камида уч марта кул устунларини отди, деб хабар беради Associated Press.
Ғарбий Суматра провинциясида жойлашган Марапи вулқони кутилмаган отилишлари билан танилган — унинг ҳаракатини олдиндан айтиш мукул, чунки фаоллик вулқон тубидаги магма ҳаракатига боғлиқ эмас.
Индонезия Вулқоншунослик хавфи маркази ходими Аҳмад Риванднинг айтишича, вулқон 2 минг метр баландликка қайноқ кул отган ва у бир неча километрга ёйилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган.
Тахминан 2,9 минг метр баландликда жойлашган вулқон январ ойидан бери иккинчи огоҳлантириш даражасида бўлиб келаётганди Лаванинг отилиши хавфи сабаб алпинистлар ва маҳаллий аҳолига кратерга 3 километрдан яқинроқ бориш тақиқланган.
Мазкур вулқон отилиши Марапи тоғларида кузатилган муссон ёмғирларидан беш ой ўтиб содир бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг декабрида Марапи вулқони уйғониши оқибатида 11 киши вафот этган, офат ҳудудида бўлган 12 киши эса бедарак йўқолган эди. Марапи — Суматра оролидаги энг фаол вулқонлардан бири. Унинг 1979 йил апрелидаги «уйғониши» сабаб 60 киши ҳаётдан кўз юмган.