Жаҳон | 22:30 / 02.11.2024
2184
2 дақиқада ўқилади

Apple Globalstar сунъий йўлдош компаниясига 1,5 млрд доллар инвестиция киритади

Apple 2022 йилда ҳам Globalstar тармоғи модернизацияси учун сармоя киритганди, аммо унинг қиймати очиқланмаган. Ушбу тармоқдан ҳозирда iPhoneʼлардаги фавқулодда хабар юбориш хизматини бошқаришда фойдаланилади.

Фото: Reuters

Apple корпорацияси Globalstar сунъий йўлдош компаниясига қарийб 1,5 миллиард доллар сармоя киритмоқчи, деб хабар беради CNBC.

Қайд этилишича, Globalstar сунъий йўлдош тармоғидан ҳозирда iPhoneʼлардаги фавқулодда хабар юбориш хизматини бошқаришда фойдаланилмоқда. Мазкур функция илк бор iPhone 14 қурилмасида ишга туширилган ва унинг ёрдамида фавқулодда вазиятларда сунъий йўлдош орқали матнли хабар йўллаш мумкин.

Телефон ташқи антенна ёки тармоқдан фойдаланилмаган ҳолда Globalstar сунъий йўлдошларига тўғридан тўғри уланади. АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси томонидан эълон қилинган ҳужжатда айтилишича, Apple Globalstar’нинг 20 фоиз акциясини сотиб олишга 400 миллион доллар сарфлайди ва янги тармоқни қуриш учун аванс кўринишида 1,1 миллиард доллар инвестиция киритади. Компания қўлга киритилган маблағнинг қарийб 232 миллион долларини ўз қарзларини қисқартиришга йўналтиради.

Сервис 31 та биринчи авлод сунъий йўлдоши билан фаолият юритади. Apple 2022 йилда Globalstar тармоғи модернизацияси учун сармоя киритганди, аммо унинг қиймати очиқланмаган.

Appleʼнинг иккинчи инвестицияси Globalstar’нинг иккинчи авлод тармоғини молиялаштиришга қаратилган. Айни вақтда сунъий йўлдошли интернет олдига янги вазифалар қўйилган — смартфонларнинг интернетга ташқи антеннадан фойдаланмаган ҳолда интернетга тўғридан тўғри уланишини таъминлаш.

Globalstar компанияси яқин йилларда ўз сунъий йўлдошлар тармоғининг 80 фоиз хизмати Appleʼга, қолган қисми эса бошқа мижозларга берилишини тасдиқлади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид