Англия: «МЮ» тен Ҳагсиз яхшироқ ўйнамоқда, Эмерида қора ҳафта

«Манчестер Юнайтед» – «Челси» 1:1
Голлар: 1:0 – 70, пеналти Бруну Фернандеш, 1:1 – 74 Кайседо.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мазрауи, Мартинес, де Лигт, Диогу Далот, Угарте (Линделёф, 84), Каземиро, Рэшфорд (Диалло, 73), Бруну Фернандеш, Гарначо, Ҳойлунд (Зиркзе, 84).
«Челси» – Санчес, Жеймс, Колуилл, Фофана, Гюсто (Кукуреля, 46), Лавия (Фернандес, 70), Кайседо, Палмер, Нету, Мадуэке (Мудрик, 70), Жексон.
Огоҳлантиришлар: Гюсто (36), Угарте (42), Диогу Далот (45+1), Рэшфорд (67), Каземиро (85).

«МЮ» – «Челси» – якшанба куни Европадаги асосий ўйин эди. «Юнайтед» Эрик тен Ҳаг кетганидан кейин импулсга эга бўлди, «Челси» эса олдинги мавсумлардагига қараганда анча барқарор ўйнамоқда. Лондонликлар 11 йиллик нохуш анъанасига барҳам бериб, ниҳоят «Олд Траффорд»да ғалаба қозонса, турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилиб олиши мумкин эди. 

Ўйин анча очиқ кечди. Эпизодлардан бирида тўп беш сония ичида беш марта у рақибдан бунисига ўтди. Икки жамоа ҳам тўпни шунчаки олдинга тепиб юбормасдан, ердан ўйнашга ҳаракат қилди. Лекин икки жамоада ҳам бу таҳликали вазиятларга сабаб бўлди. Бир сафар Онана жарима майдони марказида турган Каземирога пас беришда қалтис ҳаракат қилди ва Кайседо босим уюштириб, тўпни олиб қўйиши мумкин эди. Бошқа ҳолатда Жеймс хато пас туфайли тўпни олдирди ва рақиб қарши ҳужумга чиқиб кетди.

Биринчи бўлимда ким яхшироқ ўйнаганини аниқ айтиш қийин. Устунга зарба йўллаш бўйича эса ҳисоб тенг эди. Аввалига Мадуэке бурчакдан ошириб берилган тўпни дарвоза устуни томон йўллади, бўлим охирида эса Рашфорд яқин масофадан туриб тепган тўп устун ва тўсин туташган жойга борди.

«МЮ» тезкор ҳужумлар эвазига вазиятлар яратди. «Челси» бундай ҳужумларни бошланғич босқичдаёқ тўхтатишга уринди ва бир неча вазиятда Онанага тўпни ўйинга киритишга халақит қилишди. Меҳмонлар ўйинни Палмернинг устунликлари эвазига қуришга уринди, аммо якка унинг саъй-ҳаракатлари етарли эмасди.

Ўйин иккинчи бўлимда ҳам шу сценарийда давом этди – икки жамоа ҳам голга яқинлаша бошлади. Ҳисобни очиш «МЮ»га насиб этди. Аввалига қарши ҳужумда Гарначо ажойиб имкониятни қўлдан чиқарди, кейин эса Ҳойлунд пеналти ишлади. Даниялик ҳужумчи йиқилишда бироз ўзидан қўшди, аммо Санчес чиндан ҳам тўпга эмас, рақиб ҳужумчиси оёғига тегинганди.