ЕИда НАТОга қўшимча равишда хавфсизлик ва мудофаа иттифоқини тузиш таклиф этилди
Европарламент раиси Роберта Метсоланинг сўзларига кўра, Европа Россия Украинага бостириб киргани сабаб фавқулодда беқарор вазиятда қолган.
Европа Иттифоқи НАТОга қўшимча равишда ўзининг хавфсизлик ташкилотини тузиши керак. Бу ҳақда Европарламент раиси Роберта Метсола маълум қилди.
«Европа Иттифоқи доим кучли, изчил ва самаралироқ бўлиши керак. Масалан, гап ҳақиқий хавфсизлик ва мудофаа иттифоқини яратиш ҳақида кетганида ҳам худди шундай дейман. Биз анчадан буён талаб қилаётган иттифоқ НАТОни тўлдиради ва алянс билан рақобатлашмайди», — дейди у El Mundo газетасига интервюда.
Унинг қўшимча қилишича, Европа Россия Украинага бостириб киргани сабаб фавқулодда беқарор вазиятда қолган. Метсоланинг сўзларига кўра, ЕИ АҚШдаги президентлик сайловларидан қатъий назар барча нарсага тайёр бўлиши керак.
«Январда янги президент сайланади, бу янги администрация ҳам бўлади дегани. Шунингдек, Украинага ёрдам кўрсатишни молиялаштириш бўйича ўтказиладиган овоз бериш жараёнларида ҳамкасбимиз ҳисобланган янги Сенат ва Конгресс пайдо бўлади. Умид қиламанки, биз биргаликда ишлашни давом эттирамиз», — дея таъкидлайди у.
Июл ўрталарида иккинчи муддатга сайланган Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ЕИни ташқи таҳдидлардан ҳимоялаш ва хавфсизликни таъминлашни устувор вазифага айлантирмоқчи эканини маълум қилганди.
«Яқин беш йил давомида бизнинг ишимиз ҳақиқий Европа мудофаа иттифоқини яратишга қаратилган бўлади», — деганди у. Еврокомиссия раҳбарининг сўзларига кўра, иттифоққа аъзо давлатлар миллий ҳарбий доктриналари ва ўз контингентини жойлаштиришни ўзлари белгилайди, аммо Европа «мудофаа саноати базасини, инновациялар ва ягона бозорни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мувофиқлаштириш борасида кўп ишларни қилиши мумкин».
Фор дер Ляйен сўнгги бир неча йил давомида «ҳарбий потенциални ривожлантириш учун инвестициялар етишмагани ва самарасиз харажатлар» аниқланганига эътибор қаратган. У 2019 йилдан 2021 йилга қадар мудофаа учун умумий харажатлар фақат 20 фоизга ошганини таъкидлаганди. Хитойнинг ўзида ушбу кўрсаткич 600 фоизга, Россияда эса 300 фоизга ошган.