5 ноябр куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат мудофаа вазири Йоав Галлантни истеъфога чиқарди. Бу қарор норозиликлар тўлқинини келтириб чиқарди: Галлант ҳукмрон коалициянинг ултраўнг миллатчиларга қарши тура оладиган мўътадил қаноти етакчиси ҳисобланарди. Нетаняҳу мудофаа вазири билан анчадан буён зиддиятга бориб юрганди, уни ишдан бўшатиш билан Биби ўз ҳокимиятини мустаҳкамлади, камида энг яқин истиқбол учун. Исроил тарихидаги энг ўнг бўлган ҳукумат эса янада ўнгроқ бўлди.

Нетаняҳу аввал ҳам Галлантни бўшатиб кўрган эди. Бу юз берганига кўп бўлгани йўқ, 2023 йил бошида содир бўлганди. Лекин унда давр бошқа эди, Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумигача анча бор эди. Ўшанда Галлант Нетаняҳу ҳукумати томонидан бошлаб берилган суд ислоҳотига қарши чиққанди. Юз минглаб одамлар ҳар ҳафта Исроил шаҳарларида бу ислоҳотга қарши намойишлар ўтказиб турган, Галлант эса гарчи Нетаняҳунинг «Ликуд» партияси аъзоси бўлса ҳам, кўпчилик учун қаҳрамон тимсолида намоён бўлганди. Бош вазир кўп ўтмай ўз қарорини бекор қилди ва Галлант вазир лавозимида қолди.

Энди бу воқеа такрорланмаса керак. Галлантни бўшатиш тўғрисидаги баёнотида Нетаняҳу шундай деган: «Ҳарбий ҳолатда бош вазир ва мудофаа вазири ўртасида тўлиқ ишонч ҳар қачонгидан ҳам зарурроқ. Агар кампаниянинг дастлабки ойлари бизда бундай ишонч бўлган ва биргалик кўп нарсаларга эришган бўлсак, сўнгги ойларда, афсуски, мен ва мудофаа вазири ўртасидаги ишончга путур етди».

Галлантнинг ўзи ишдан бўшаганидан сўнг Нетаняҳу билан келишмовчилигининг учта асосий сабабини санади. У Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумини суриштирувчи давлат комиссияси тузишни талаб қилган. Тўғрироғи, армия, махсус хизматлар ва мамлакат сиёсий раҳбариятининг 1200 га яқин исроиллик ўлимига ва 250 дан зиёд фуқаролар гаровга олинишига сабаб бўлган хатоларини. Нетаняҳу эса бундай комиссия айни дамда мамлакат ҳукумати ҳамда ҳарбий раҳбарияти ишига халал бермаслиги учун урушдан сўнг тузилиши керак, деб туриб олган.

Иккинчи келишмовчилик урушнинг ўзи билан боғлиқ. Галлант Ҳамас томонидан Ғазо секторида гаровда ушлаб турилганларнинг озод этилиши эвазига сулҳ тузишга тайёр эди. Нетаняҳу эса воситачилар (Қатар, Миср ва АҚШ) музокараларда таклиф этган шартларни бирин-кетин рад эта бошлади — бу гаровдагиларни озод қилиш билан биргаликда, уруш олиб боришнинг бош мақсадларидан бири эди. Галлант ва исроиллик бошқа сиёсатчилар бу мақсадлар бир-бирига зид эканини кўп такрорлаб келишган.

Учинчиси эса, афтидан, Нетаняҳу ва Галлант ўртасидаги ҳал қилувчи келишмовчилик харедим (ултраортодоксал яҳудийлар)ни армияга чақириш масаласи бўлди. Турли баҳолашларга кўра, бундай чақирув Исроил аҳолисининг 10-15 фоизини қамраб олади ва улар шу пайтгача армияда хизмат қилишдан озод этилган. Бу озодлик ҳеч қандай қонун билан мустаҳкамланмаган, шунчаки харедимларга анъанавий енгиллик ҳисобланади.