Жаҳон | 19:27 / 13.11.2024
5706
2 дақиқада ўқилади

Покистон ва Ҳиндистонни қоплаган тутун коинотдан кўрина бошлади

Сўнгги ҳафтада бу ҳудудда ҳавонинг мисли кўрилмаган даражада ифлосланиши кузатилмоқда.

Фото: NASA

Шарқий Покистон ва Ҳиндистон шимолида ҳавонинг ифлосланиш даражаси шунчалик юқорики, оқибатда пайдо бўлган тутун коинотдан аниқ кўрина бошлади. Бу ҳақда NASA фотосуратларига таяниб CNN хабар берди.

Дунёнинг турли минтақаларида реал вақт режимида ҳавонинг ифлосланиш даражасини кузатувчи Швейцариянинг IQAir тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, айни дамда Ҳиндистон пойтахти Деҳли энг ифлос ҳавога эга. Иккинчи ўринда Покистоннинг Лоҳур шаҳри жойлашган. Ҳаво ифлосланиши бўйича биринчи тўртликка Ҳиндистоннинг Колката ва Мумбай шаҳарлари ҳам киради.

Деҳли ва Лоҳурда ифлосланиш индекси 300 бирликдан ошиб, мос равишда 408 ва 360 га тенг бўлди, яъни у ердаги ҳаво соғлиқ учун хавфли. Шу билан бирга, шу ҳафта бошида Лоҳурда ифлосланиш индекси 1200 бирликдан ошди ва Покистоннинг аҳоли энг зич вилояти Панжобда сўнгги кунларда кўпинча 1000 бирликдан ошиб кетди.

Ҳиндистон шаҳарлари ва Лоҳурда ҳар йили кузда совуқ ҳаво кириб келиши ва ҳосил ўрими бошланиши билан қалин тутун пайдо бўлади. Бунинг сабаби, фермерлар қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини оммавий равишда ёқиб юборади ва бунга кўмир ёқилғисида ишлайдиган электр станциялари ва автомобил транспорти чиқиндилари қўшилади.

Бироқ сўнгги кунларда тутун даражаси шунчалик кучли бўлдики, Покистон ва Ҳиндистоннинг айрим ҳудудларида расмийлар мактаблар ва жамоат жойларини, жумладан, боғлар, музейларни ёпди, кўчадаги оммавий тадбирларни бекор қилди ва йирик савдо марказларининг иш вақтини чеклади. Панжоб ҳукумати маълумотларига кўра, шифохоналарда аллергия, нафас олиш йўллари касалликлари, кўз, томоқ яллиғланиши ва бошқалар билан оғриган беморлар кўпайди. Шу билан бирга, 30 мингдан ортиқ аҳолига ёрдам кўрсатилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид