Марказий Осиё табиий офатлар туфайли ялпи ички маҳсулотининг 6 фоизини йўқотиши хавфи бор
Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, фақатгина зилзилалар минтақада йилига 2 миллиард долларгача зарар келтириши мумкин, бу ҳар йили 4 миллионга яқин одамга таъсир қилади.
Марказий Осиёдаги табиий офатлар, айниқса зилзилалар ва сув тошқинлари ҳар йили минтақага миллиардлаб доллар зарар келтириши мумкин. Бу ҳақда Остона шаҳрида Жаҳон банки ва Остона халқаро молия маркази томонидан ташкил этилган «Табиий офатлар хавфини молиялаштириш ва суғурталаш» бўйича минтақавий конференцияда сўз юритилди.
Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, фақатгина зилзилалар минтақада йилига 2 миллиард долларгача зарар келтириши мумкин, бу ҳар йили 4 миллионга яқин одамга таъсир қилади. Шунингдек, иқлим ўзгариши сабабли сув тошқинлари Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти учун асосий хавф омилларидан бирига айланиб бормоқда, экстремал ҳодисалардан кўрилган йўқотишлар ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 6 фоизигача етади.
Бундай молиявий таъсирларни юмшатиш ва ўз вақтида тикланишни таъминлаш учун табиий офатлар хавфини молиялаштиришнинг самарали стратегиялари зарур.
Жаҳон банки эксперти Инду Жон-Абраҳам минтақа мамлакатларида йирик офатлардан қутулиш учун етарли маблағ йўқлигини таъкидлади. Агар йирик ҳодисалар рўй берса, Тожикистон ва Ўзбекистон мос равишда 1,5 миллиард ва 15 миллиард долларгача молиявий тақчилликка дуч келиши мумкин, бу эса таълим, соғлиқни сақлаш ва инфратузилмани таъмирлашга сарфланадиган харажатларга таъсир қилади.
Аввалроқ Осиё тараққиёт банки (ОТБ) минтақа давлатларининг иқлим ўзгаришидан эҳтимолий йўқотишларини ҳисоблаб чиқди, бу 2100 йилга бориб ЯИМнинг 6,8 фоизини ташкил қилиши мумкин.
Моделлаштириш натижаларига кўра, ОТБ мутахассислари Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари иқлимининг умумий йўқотишларини ҳисоблаб чиқдилар. Иссиқхона газларининг юқори эмиссияси сценарийсига кўра, 2070 йилга бориб йўқотишлар ЯИМнинг 17 фоизини ташкил қилиши мумкин. Яна 30 йил ичида йўқотишлар ЯИМнинг 41 фоизигача етиши мумкин.
ОТБ моделига кўра, Марказий Осиё давлатлари иқлим ўзгаришидан камроқ зарар кўради. Агар иссиқхона газлари эмиссияси юқорилигича қолса, йўқотишлар 2035 йилга бориб ЯИМнинг 0,7 фоизини, 2050 йилга бориб 1,7 фоизини, 2070 йилга бориб эса 3,8 фоизини ташкил қилади.
Шу билан бирга, Марказий Осиёда ўртача ҳаво ҳарорати жаҳондаги ўртача ҳароратдан тезроқ кўтарилади. 2070 йилга бориб у 8 даражага кўтарилади. Ҳарорати +35 даражадан юқори бўлган «иссиқлик тўлқинлари» деярли икки баробар тез-тез содир бўлади. Бу энергия харажатларига ва самарадорликка салбий таъсир қилади.
2023-2030 йилларда Марказий Осиё мамлакатларида иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича йиллик харажатлар аҳоли жон бошига 83,6 долларни ташкил этади.
Мавзуга оид
13:44 / 21.11.2024
2025 йилда бюджет тақчиллиги қандай қопланади?
17:14 / 20.11.2024
Чирчиқ шаҳрида 4 туп ёнғоқни кесган шахс табиатга 247 миллион сўм зарар етказди
13:55 / 20.11.2024
2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди
11:10 / 20.11.2024