Жаҳон | 18:46
4018
6 дақиқада ўқилади

Абхазия парламенти олдида юзлаб намойишчилар йиғилди

Улар Россия билан инвестиция келишуви ратификация қилинишига қарши чиқмоқда. Акция иштирокчилари тўсиқни бузиб ўтган ва бино ҳудудига бостириб кирган. Полиция кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.

Фото: Видеодан кадр

Сухумида Абхазия парламенти биноси олдида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳамда республика ҳукуматининг Россия билан инвестиция келишуви ратификация қилинишига қарши норозилик намойиши иштирокчилари ўртасида тўқнашув рўй берди, деб хабар бермоқда маҳаллий Respubliсa ва «Эхо Кавказа» телеграм-каналлари.

15 ноябр тонгида, депутатлар Сухуми ва Москва ўртасидаги инвестиция келишуви лойиҳасини кўриб чиқиш учун йиғилганида юзлаб намойишчилар Абхазия парламенти биносига келишган. Хабар қилишларича, одамлар абхаз–рус муносабатларини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида акцияга ўзи билан Абхазия ва Россия байроқларини келтиришган.

Мухолифат етакчиларидан бири, «Абхаз халқ ҳаракати» жамоат ташкилоти етакчиси Адгур Ардзинбанинг айтишича, бир гуруҳ депутатлар спикернинг олдига бориб, инвестициялар бўйича битимни ратификация қилиш масаласини кун тартибидан олиб ташлашни талаб қилишган. У шунингдек, республика раҳбариятини «халқни иккига бўлувчи барча ўткир масалаларни 2025 йилги сайловлардан кейин қолдириш»га чақирган. «Агар ҳукумат бунга рози бўлмаса, яқин кунларда юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар учун жавобгарлик тўлиғича Абхазия президенти Аслан Бжания ва унинг атрофидагилар зиммасида бўлади», — деган у.

Якунда парламент кун тартибини тасдиқламаган, 15 ноябр кунги сессия бекор қилинган. Аммо намойишчилар депутатлардан сессия ўтказиш ва битим лойиҳасини тасдиқлашга қарши овоз беришни талаб қилишган.

Кўп ўтмай парламент биноси олдида намойишчилар ва бинони қўриқлаш учун жалб этилган полициячилар ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан. Акция иштирокчилари кучишлатарларга тухумлар улоқтиришган, шунингдек, бино атрофидаги тўсиқни юк машинаси орқали бузиб ўтиб, ҳудудга бостириб киришган.

Бунга жавобан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари кўздан ёш сиздирувчи газ сепишган, шунингдек, оломонга қарата тутунли гранаталар улоқтирила бошланган. Кучишлатарлар ўт ўчириш хизмати машиналари билан парламент ҳудудига кириш йўлини тўсишга уринган.

Хабар қилинишича, парламент ҳудудида ўқ овозлари ҳам эшитилган. Сухуми шаҳри тез ёрдам хизмати бош шифокори РИА Новости мухбирига парламент биноси олдидаги акцияда икки киши жароҳатлангани тўғрисида маълумот берган. Уларнинг жароҳатига ўқотар қурол қўллангани сабаб бўлгани ёки йўқлиги аниқ эмас.

Respubliсa хабарига кўра, намойишчилар қаршисига президент Аслан Бжаниянинг қўриқлаш хизмати бошлиғи чиқиб келган ва намойишчиларнинг талабларини унга етказишга ваъда берган. Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Роберт Киут ҳам намойишчилар билан музокара ўтказишга уринган. Шундан кейин намойишчилар ҳукумат бинолари комплексини, жумладан республика президенти администрацияси биносини ўраб олишган. Respubliсa хабарига кўра, акцияда бир неча минг киши иштирок этмоқда.

Кейинроқ норозилик акцияси иштирокчилари парламент биноси ичига ҳам бостириб киришди. Хавфсизлик хизмати уларга қаршилик кўрсатмаган.

Эндиликда улар Россия билан инвестиция битимини ратификация қилишдан воз кечишдан ташқари республика президенти Аслан Бжаниянинг истеъфосини ҳам талаб қилишмоқда.

Абхазия раҳбари матбуот хизмати президент администрацияси инвестиция битимини ратификация қилиш бўйича қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олиш тўғрисидаги ҳужжатни тайёрлаётганини маълум қилган.

Бунгача нималар бўлганди?

Октябр ойида Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва Абхазия бош вазири Кристина Озган Россия компаниялари республика ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишига имкон берадиган келишувни имзолаганди.

Абхазия ҳукумати келишув маҳаллий иқтисодиётга ёрдам беради деб ҳисоблайди, мухолифатдагилар эса бу ҳужжат «республика манфаатлари тўғридан тўғри сотилиши»ни англатишини маълум қилган. Келишувга қаршилар у Абхазияга фойда келтирмаслигини айтишмоқда. «Биринчи навбатда, бу келишув хорижлик олигархларни 25 йилгача солиқлардан озод этишга мўлжалланган. <…> Чорак аср давомида бюджетга бир тийин ҳам келтирмайдиган бундай келишувлар бизга нима учун керак?» — дея қайд этган Адгур Ардзинба келишувга қарши чиққан жамоат ва сиёсий ташкилотлар раҳбарлари пресс-конференциясида.

Банк жамоатчилиги вакиллари ҳам келишув юзасидан хавотирларини билдирган. Сухуми ва Москва ўртасидаги келишувга кўра, Россия инвестиция лойиҳаси бўйича ҳисоб-китоблар учун Абхазияда ўз банки филиалини тузиши мумкин. Банкирлар россияликларнинг давлат иштирокидаги кредит ташкилотлари молиявий ва технологик имкониятлари абхаз банклари имкониятлари билан таққослаб бўлмас даражада эканини қайд этишган. Уларнинг фикрича, битим қабул қилиниши «рақобат муҳитини вайрон қилиши ва Абхазиядаги кредит ташкилотлари учун катта зарар келтириши, ҳатто банкротликкача олиб келиши мумкин».

11 ноябр куни Абхазия парламенти республика ҳудудидаги   кўп функцияли комплекслар мақомини тартибга солувчи қонунни қабул қилди, унда Россия-Абхазия келишуви ҳақида ҳам гап кетади. Шу куни Давлат хавфсизлик хизмати келишув ратификациясига қарши чиққан фаоллардан беш нафарини қўлга олди. Бу парламент биносидаги муштлашувдан кейин рўй бергани маълум қилинган.

Активистлар қўлга олиниши ортидан Сухуми норозилик акцияси бошланди, унинг иштирокчилари шаҳарга киришдаги учта кўприкни тўсиб қўйишди. Фаоллар қўйиб юборилганидан кейин йўллар очилди.

Мавзуга оид