Жаҳон | 21:33 / 18.11.2024
3965
2 дақиқада ўқилади

Финландия ва Германия ўртасидаги сувости телекоммуникация кабели ишдан чиқди

Финландия ва Германия ўртасидаги 1,2 минг километрлик сувости телекоммуникация кабели ишдан чиқди, деб хабар беради CNN.

Фото: Adobe Stock

«Носозлик 2024 йил 18 ноябрда Cinia C-Lion1 сувости кабелида аниқланган. Шу боис кабел хизматлари кўрсатилмаяпти. Носозлик нима сабабдан юзага келгани аниқланмоқда», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат Қўшма Штатлар Россия ҳарбийларининг муҳим сувости кабеллари атрофида фаоллиги ортгани тўғрисида огоҳлантиришидан бир неча ҳафта ўтиб содир бўлмоқда. Вашингтондагиларнинг фикрича, Москва «глобал алоқа инфратузилмасининг муҳим қисмини ишдан чиқаришга қаратилган потенциал қўпорувчилик операцияларини ўтказиши мумкин».

C-Lion1 — бу Болтиқ денгизи туби бўйлаб Финландия ва Германия ўртасида тўғридан-тўғри ётқизилган биринчи кабелдир. Уни ўтказиш ишлари 2015 йилда бошланган ва 2016 йил январда якунланган эди. Кабел узунлиги қарийб 1,2 минг километрни ташкил этиб, у Хелсинки ва Росток ўртасида ишлайди. Бу Марказий Европага тўғридан-тўғри борган ягона фин сувости кабели ҳамдир.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрида Финландия ва Эстония ўртасидаги Balticconnector сувости газ қувурига шикаст етказилганди. Кейинроқ носозликка Хитойнинг Newnew Polar Bear юк кемаси алоқадор экани аниқланган. South China Morning Post ўз манбаларига таяниб, Хитой ўзига тегишли юк кемаси газ қувурига тасодифан шикаст етказганини тан олгани ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид