Давлат хизматлари порталида автомобилларнинг мувофиқлигини баҳолашга навбат олиш хизмати пайдо бўлди.
“autodeklarant” каналининг хабар беришича, хизматдан фойдаланиш учун дастлаб singlewindow.uz сайти орқали мувофиқлик сертификати учун ариза юборилган бўлиши керак.
Шундан кейин my.gov.uz сайти ёки мобил иловасида электрон хизмат орқали Пискент автополигонига автотранспорт воситасини олиб бориш санаси ва вақти белгиланади.
“Тайёргарлик кўриб туриш учун лабораторияга белгиланган вақтдан вақтлироқ келиш лозим. Белгиланган вақтга 20 дақиқа қолганида операторга мурожаат қилиб, my.gov.uz тизимидан олинган QR-кодни тақдим этасиз”, дея ёзади “autodeklarant”.
Telegram'даги расмий манбалар, хусусан Адлия вазирлиги, Техрегуляция агентлиги, UzTest, ЯИДХП ва “Давлат хизматлари” каналларида юқоридаги хизмат ишга туширилгани ҳақида хабар берилмади.
Ўзбекистонда импорт қилинган автотранспорт воситаларига мувофиқлик сертификати бериш учун синовлар жорий ноябр ойидан бошлаб божхона ҳудудида эмас, Тошкент вилояти Пискент туманида автополигонда ўтказила бошланди.
















