Жаҳон | 00:36 / 19.11.2024
6014
2 дақиқада ўқилади

Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди

Резолюцияни Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 14 таси, жумладан, Хитой ҳам қўллаб-қувватлади — бироқ Россия томонидан қўйилган вето туфали у қабул қилинмади.

Фото: Twitter / UN News

Россия Судандаги фуқаролик урушида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва миллионлаб муҳтожларга гуманитар ёрдамни етказишга чақирувчи БМТ Хавфсизлик кенгашининг резолюция лойиҳасига вето қўйди.

Овоз бериш жараёни Буюк Британия раислиги остида ўтказилди. Резолюция лойиҳаси Серра-Леоне билан биргаликда ишлаб чиқилган эди. Уни Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 14 таси, жумладан, Хитой ҳам қўллаб-қувватлади — бироқ Россия томонидан қўйилган вето туфали резолюция қабул қилинмади.

Буюк Британия ТИВ раҳбари Дэвид Лэмми Россиянинг қарорини «уят» деб атаб, фақат битта давлат — тинчлик душмани эканини маълум қилди. «Украинада тажовузкор урушни бошлаб бергани учун Путинга — уят. Бутун Африка қитъасида зўровонлик ва можарони тарқатиш учун ўз ёлланма жангчиларидан фойдаланаётгани учун Путинга — уят. Африкаликларни қотиллик, зўрлаш ва шафқатсиз урушда очликдан ўлдиришга маҳкум этиб, ўзини глобал жанубнинг шериги сифатида кўрсатгани учун Путинга — уят».

Ўз нутқи давомида у Россия вакилига савол билан юзланиб, РФ ҳаракатга келиши учун яна қанча тинч аҳоли ўлиши, аёллар эса зўравонликка учраши кераклигини сўради. «Энди Россия БМТнинг барча аъзолари олдида тушунтириш бериши керак», — дейди Лэмми.

Суданда фуқаролик уруши 2023 йил апрелда, 2021 йилги тўнтаришдан кейин ҳокимият тепасига келган ҳарбийлар ва Тезкор ҳаракат кучлари — ҳарбийлаштирилган армия бўлинмалари ўртасида кескинлик пайдо бўлгач бошланган. Аввалига можаро Судан пойтахтида юз берди, кейин мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам тарқалди. БМТнинг 2024 йил апрел ойидаги маълумотларига кўра, 8,5 миллиондан ортиқ суданлик ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Тўққиз мингдан ортиқ аҳоли ҳалок бўлган, миллионлаб фуқаролар очлик ёқасида. БМТ Судандаги вазиятни «дунёдаги энг аянчли озиқ-овқат инқирози» деб таърифлаган.

Мавзуга оид