ОКМКнинг қарийб 25 фоизи 12,2 триллион сўмга баҳоланиб, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ўтказилди
Олмалиқ кон-металлургия комбинати ўз акциялари пакетининг қарийб 25 фоизини Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ўтказди: “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш лойиҳаси учун тақдим этилган 1 миллиард долларлик маблағлар юзасидан жамғарма билан шу тарзда ҳисоб-китоб қилинди. Битим Тошкент фонд биржаси тарихидаги энг йирик транзакция бўлди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати акцияларининг йирик пакети Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ихтиёрига ўтди. 19 ноябр куни рўй берган битим ҳақида Тошкент фонд биржаси сайтида маълумот мавжуд.
Унга кўра, комбинатнинг 175 472 021 дона акцияси номинал қийматидан 17,7 баробарга қиммат – 69 499 сўмдан ҳисоб-китоб қилинган. Битимнинг умумий ҳажми 12,195 триллион сўм (МБ курси бўйича 954,3 млн доллар)ни ташкил этган.
Kap Depo'га кўра, бу – Тошкент фонд биржаси тарихидаги энг йирик транзакция бўлган.
Avesta Investment Group'нинг қайд этишича, битимда назарда тутилган қарийб 175,5 млн дона акция – ОКМК жами акцияларининг 24,7 фоизини ташкил этади.
Тикланиш ва тараққиёт бу акцияларни ОКМКга “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш лойиҳаси учун ажратган кредити эвазига олган.
Очиқ маълумотларга кўра, жамғармага ўтказилган қарийб 175,5 млн дона акция ОКМК акциядорларининг август ойидаги қарори асосида эмиссия қилинган ва бу қимматли қоғозлар 7 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Комбинат томонидан қўшимча 1 млрд долларлик акциялар чиқарилиши президентнинг 2020 йилдаги қарорида кўзда тутилган.
Қарорга кўра, бу маблағни Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ажратиши, маблағлар ОКМК устав капиталига йўналтирилиши ва бу сотиб олинадиган акцияларни қўшимча эмиссия қилиш ҳисобига бўлиши белгиланган. Мақсад – “ОКМК конлари негизида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришнинг 1-босқичи” лойиҳасини молиялаштириш.
Ҳужжатда бу лойиҳани молиялаштиришнинг яна икки манбаси кўрсатилган: ОКМКнинг 250 млн доллар миқдоридаги ўз маблағлари ҳамда маҳаллий ва халқаро молия институтлари консорциумидан жалб қилинадиган синдикатланган кредит маблағлари.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда “Ёшлик-1” рангли металлар кони негизида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланган. 2024 йил октябр ойига келиб, бу фабрика қурилиши билан параллел равишда, 4-фабрика қурилишига ҳам старт берилди.
3-мисни бойитиш фабрикаси лойиҳасининг қиймати 4,6 млрд долларга, 4-фабрика эса 5,3 млрд долларга баҳоланган. Айни пайтда, 5-фабрика ҳам лойиҳалаштирилмоқда.
- 19 ноябрдаги битимда қайд этилган нарх бўйича ҳисоблаганда, ОКМКнинг капитализацияси 3,9 млрд долларни ташкил этади.
- Компания 2025 йил 3-чорагида халқаро фонд бозорида IPO ўтказиб, акцияларининг 5 фоизгача қисмини бирламчи очиқ савдога чиқариши, яна 2 фоиз акциясини ҳукуматнинг “халқчил IPO” дастури доирасида кенг доирадаги маҳаллий инвесторларга таклиф этиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
13:54 / 12.12.2024
Газпромбанкка қарши санкциялар Ўзбекистон мис саноати ривожини хавф остига қўяди — The Diplomat
17:30 / 11.12.2024
ОКМКда инвестиция лойиҳалари ишга туширилмоқда: комбинатнинг янги босқичи ва келажаги ҳақида маълумот берилди
17:00 / 02.11.2024
ОКМКнинг 75 йиллиги: Ўзбекистон саноат фахри бўлган комбинатда йирик ўзгаришлар
20:17 / 15.10.2024