Жаҳон | 23:01 / 21.11.2024
12732
2 дақиқада ўқилади

Путин Днепрга «Орешник» баллистик ракетаси ёрдамида зарба берилганини маълум қилди

Россия президенти «Орешник» ракеталарига қарши турадиган воситалар ҳозирда мавжуд эмаслигини таъкидлади. У Украина Қуролли кучлари ATACMS ҳамда Storm Shadow ракеталари ёрдамида ҳужум уюштиргани сабаб қўлланган.

Фото: kremlin.ru

Владимир Путин Россия қўшинлари ўрта масофага мўлжалланган янги турдаги «Орешник» баллистик ракетасини синовдан ўтказганини маълум қилди. Бу ҳақда у 21 ноябр куни эълон қилинган мурожаатида таъкидлаб ўтди.

Путиннинг сўзларига кўра, Россия Днепрдаги мудофаа саноати комплекси объектига ядровий бўлмаган гипертовушли баллистик ракета билан зарба берган.

Шунингдек, Россия президентининг таъкидлашича, «Орешник» ракеталарига қарши турадиган воситалар ҳозирда мавжуд эмас. «Ракеталар 10 мах тезликда нишонга зарба беради, бу сониясига 2,5-3 километр дегани. Дунёда мавжуд замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва америкаликлар Европада яратаётган ракеталарга қарши мудофаа тизимлари бу турдаги ракеталарни тутиб қола олмайди», — дейди Путин.

РФ президентининг маълум қилишича, Россия ушбу синовни Украина Қуролли кучлари (УҚК) 19 ва 21 ноябр кунлари Брянск ҳамда Курск областларидаги нишонларга ATACMS ҳамда Storm Shadow ракеталари ёрдамида уюштирилган ҳужумга жавоб тариқасида амалга оширган. Путиннинг айтишича, УҚК ҳужуми вақтида Курск областидаги қўмондонлик пунктидагилар орасида ҳалок бўлган ва яраланганлар бор, Брянск областига ҳужумда эса ҳеч ким жароҳатланмаган.

Путин «Орешник»нинг қўлланишини АҚШ ўрта ва кичик масофага мўлжалланган ракеталарни ишлаб чиқариш ҳамда жойлаштиришни режалаштираётганига жавоб деб атади.

Россия Қуролли кучлари 21 ноябр куни тонгда Днепропетровск областига бир неча хил ракеталар, хусусан, қитъалараро баллистик ракета билан зарба берди, дея маълум қилганди Украина ҳаво кучлари. Бу – тарихда илк марта қитъалараро баллистик ракетадан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш ҳолати бўлди.

Мавзуга оид