ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
Сайловлар тугади: ҳокимлардан тортиб то Сенат раисигача ўз лавозимида қолди. Андижонда Бобур ҳайкали “қувилмоқда”: ҳайкални кўчириб, хиёбонни бузиб, ўрнига савдо маркази қуришмоқчи. Ўзбекистоннинг давлат қарзи 40 млрд долларга етиб қолди: кейинги йил янада кўпроқ қарз олинади. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – одатдагидек Kun.uz дайжестида.
ДХХ раиси ишдан олинди
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда шанба куни Kun.uz манбаси хабар берди. Ўтган ойда Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд Азизовнинг ишдан олинишига сабаблардан бири экани айтилмоқда.
Унинг ўрнига мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ДХХ раиси этиб тайинланган. Азизов ҳам, Қурбонов ҳам ўз лавозимларидан салкам 5 йилдан буён ишлаб келаётган эди. Қурбонов уч кун аввал Қонунчилик палатаси томонидан вазир лавозимига қайта маъқулланган эди. Унинг ўрнига Мудофаа вазирлигини ким бошқариши ушбу хабар ёзилаётган вақтда номаълум бўлиб турибди.
Сайловлар беш йиллиги ортда қолди
Охирги 5 йил ичида 5 марта сиёсий ўзгаришлар учун овоз беришга чиққан ўзбекистонликлар катта эҳтимол билан келгуси 5 йилда сайлов участкасига бошқа чақирилмайди. Шу ҳафта ўзбек сиёсий элитаси 4 ой давом этган сайлов жараёнларига якун ясади. 27 октябрдаги сайловдан кейин ўтган ҳафталарда маҳаллий кенгашларнинг илк сессиялари ўтказилиб, фақат Бўзатов туманида ҳоким ўзгарган, қолган 220 нафардан ортиқ ҳокимларнинг ҳаммаси ўз курсисини сақлаб қолган эди. Жорий ҳафтада эса эгаллаб турган лавозимига қайта тасдиқланиш навбати парламент ва ҳукумат раҳбарларига келди.
Олий Мажлис палаталарининг илк мажлисларида Нуриддин Исмоилов Қонунчилик палатаси спикери, Танзила Норбоева Сенат раиси, Абдулла Арипов эса бош вазир лавозимига такроран сайланди. Уларнинг ҳар учаласи ушбу лавозимларга учинчи марта лойиқ деб топилди. Шунингдек, бош вазир ўринбосарларининг ҳам, вазирларнинг ҳам барчаси ўз лавозимларини сақлаб қолди.
Сенат матбуот хизмати, Танзила Норбоеванинг юқори палата раҳбарлигига бир овоздан, яъни барча сенаторларнинг ёқлаб овоз бериши билан сайланганини хабар қилган бўлса, Қонунчилик палатаси берган расмий хабарларга ана шундай аниқлик етишмади. Яъни на спикер, на бош вазир ва на ҳукумат аъзоларининг номзодлари нечта овоз билан маъқуллангани очиқлангани йўқ. Ҳар иккала палатанинг ҳам илк мажлислари жонли эфирга узатилмади, овоз бериш натижалари акс этган табло телевидениедаги репортажларда ҳам кўрсатилмади.
Парламент палаталарнинг илк мажлисларида сўзга чиққан президент Шавкат Мирзиёев депутатлар ва сенаторларни фаол бўлишга, халқчил қонунлар чиқаришга даъват қилди. Давлат раҳбари парламентда мухолифатни “жонлантириб”, Қонунчилик палатасини “баҳс ва мунозаралар майдони”га айлантириш зарурлигини айтди; шу билан бирга, парламент аъзолари “қуруқ гап ва популизмдан йироқ бўлиши” кераклигини қўшимча қилди. “Бюджет харажатлари устидан парламент назорати деярли сезилмаяпти”, дея таъкидлади президент.
Мирзиёевга кўра, нафақат Олий Мажлис, балки маҳаллий кенгашлар ҳам фаоллашиши, ҳар ярим йилда матбуот анжумани ўтказиши керак. Президент ҳокимларнинг вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари раислигидан четлатилганини “халқимизнинг 30 йиллик орзуси” деб атади. Маълум қилинишича, 2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади. Ажратилаётган пуллар ҳокимлар томонидан оқилона ишлатишини эса маҳаллий депутатлар ҳам назорат қилиб бориши кераклиги айтилди.
Бош вазир номзоди илгари сурилган йиғилишда эса президент ҳукумат фаолиятига айрим эътирозларини билдирди. Хусусан, вазирлик ва идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик билан муҳокама қилишни камайтириб юборгани танқид қилинди. Адлия вазирлигига бу масалада бир ой муддатда депутатлар билан бирга таклифлар ишлаб чиқиб, ҳукуматга киритиш топшириғи берилди. Шунингдек, президент нутқининг ташқи сиёсатга оид қисмида, Қирғизистон билан бўлгани каби, Қозоғистон ва Тожикистон чегарасини ҳам ID-карта орқали кесиб ўтиш имконияти жорий этилиши маълум қилинди.
Ўз навбатида, Абдулла Арипов бош вазир этиб қайта тайинланишидан олдин “Ўзбекистон–2030” стратегиясига асосланган ўз дастурини тақдим этди. “Ҳукуматни чинакам халқ хизматчисига айлантириш, оддий инсонларнинг муаммоларини ҳал қилиш – фаолиятимизнинг асосий мезони бўлади”, деди Арипов. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат келаси йили 200 мингдан ортиқ ватандошни ривожланган мамлакатларда иш билан таъминламоқчи.
Андижонда Бобур ҳайкали ўрнига савдо маркази қуришмоқчи
Ҳафта давомида катта амалдорларнинг бир жойга тўпланиши нафақат Тошкентда, балки Андижонда ҳам кузатилди. Сенаторликка сайланган вилоят ҳокимлари парламентдаги мажлислар тугагач, эртаси куни биргаликда Андижонга йўл олди. Мезбон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 2 кун давомида ўз ҳудудида қилинаётган ишларни намойиш этиб, ҳамкасбларининг иштирокида бир нечта лойиҳаларга старт берди.
Андижонга келган “губернаторлар”, ўзаро тажриба алмашиш жараёнида, ораларида энг узоқ вақтдан бери вилоят ҳокими бўлиб қолаётган Шуҳрат Абдураҳмоновдан нималарни ўрганишгани бизга қоронғи, лекин бир нарсани ишонч билан таъкидлаш мумкин: улар Абдураҳмоновдан яшил хиёбонни бузиб, ўрнига бизнес-марказ қуришни асло ўрганмасликлари керак.
Бу ерда гап ҳафтанинг энг асосий мавзуларидан бири ҳақида кетяпти. Душанба куни маълум бўлишича, Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини бошқа жойга кўчириб, ҳайкал жойлашган хиёбоннинг ўрнига “дом” қуриш режаси ишлаб чиқилган. Тегишли қарор лойиҳасида ёзилишича, хиёбоннинг ўрнида 16 ва 20 қаватли иккита турар жой мажмуаси барпо этилиши мумкин. Ҳайкални эса Андижондаги “Регистон” майдонига кўчиришмоқчи.
Вилоят ҳокимлигига кўра, бу ерда турар жой эмас, савдо мажмуаси ва кўнгилочар марказлар қуриш таклиф қилинган. Ҳокимлик бу ишларни хиёбоннинг шундоққина биқинида улкан кўприк қурилаётгани билан изоҳлади. Йўл ўтказгич қуриб битказилганидан кейин, хиёбон анча ёпилиб, теграсининг бир қисми кўприк остида қолади, бунақанги жой Андижоннинг бош тарихий шахсига аталган ҳайкал учун номуносиб, демоқда расмийлар.
Бобур ҳайкали турган жой қурилиш учун бериб юборилаётгани жамоатчилик фаолларини шокка туширди. Айримлар ушбу ҳайкал аввал ҳам кўчирилганини эслаб, тириклигида ватанига сиғдирилмаган саркарданинг энди ҳайкали ҳам сарсон-саргардон қилинаётганини айтяпти. Маданий мерос агентлиги ҳайкални кўчириш учун аввал агентликдан рухсат олиш кераклигини айтиб чиққан бўлса-да, агентлик на масъулларнинг бу режалари, ва на маданий мерос объектининг муҳофаза зонасида кўприк қурилаётганини қоралагани йўқ.
Бу ўринда президент Шавкат Мирзиёевнинг душанба куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатаси илк сессиясидаги муҳим баёнотини қайд этиб ўтиш ўринли. Президент ўз нутқида истироҳат боғлари, сайилгоҳ ва хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш бўйича “Адолат” партияси илгари сурган таклифни маъқуллашини билдирди. Шундай бўлса-да, президентнинг ўзи очиқ-ойдин қўллашини айтиб турганига қарамай, таклиф муаллифи бўлган партия Андижондаги хиёбон инвесторга бериб юборилаётгани борасида ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.
Давлат қарзи 40 млрд долларга етиб қолди
Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2024 йил якунида салкам 40 млрд долларга етиши, 2025 йил охирида эса 45 миллиард доллардан ошиши кутиляпти. Бир йил ичида давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 30 фоиздан 32 фоизгача ошади. Бу – душанба куни эълон қилинган “Фуқаролар учун бюджет” нашрида кўрсатилган.
Қайд этилишича, бу йил 5 млрд доллар миқдорида ташқи қарз олинган, келаси йил эса бундан ҳам кўпроқ – 5,5 млрд доллар ташқи қарз жалб қилиш режалаштирилган. Бу маблағнинг 3 млрд доллари бюджет дефицитини ёпишга, 2,5 млрд доллари эса инвестиция лойиҳаларига йўналтирилади. Ички бозордан олинадиган қарзлар миқдори эса 30 трлн сўм бўлиши прогноз қилинган.
Келаси йилги бюджет лойиҳасидан кўриш мумкинки, бу йил тарифлар кескин оширилганига қарамай, энергетикага катта миқдорда субсидиялар ажратиш давом этади. Боз устига, айнан энергетика соҳасидаги бир нечта йирик компанияларнинг бюджет даромадларидаги улуши сезиларли қисқариши кутилмоқда. Хусусан, 2025 йилда “Ўзбекнефтгаз”нинг давлат бюджетидаги улуши 2,5 фоиздан 1,5 фоизга қисқаради.
Статистика агентлиги шу ҳафта эълон қилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ–октябр ойларида газ қазиб олиш ҳажми 37 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 фоизга қисқарган. Шунга қарамай, хорижга газ сотиш суръати ошиб боряпти. Йил бошидан бери Ўзбекистон 540 млн долларлик газ экспорт қилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга кўп. Газ қазиб олиш камайиши ва газ экспорти ошиши фонида, газ импорти ҳам ошишда давом этмоқда: 10 ой давомида Ўзбекистоннинг хориждан газ импорти 2,4 баробарга ошиб, салкам 1,4 млрд долларга етган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Дарахтларнинг илдизига заҳарли моддалар қуйганлик учун жавобгарлик белгиланди. Президент имзолаган қонунга кўра, дарахтларга кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда зарар етказганлик, шунингдек, қурилиш бўлаётган жойдаги дарахтларни қасддан шикастлаганлик учун эндиликда фуқаролар салкам 19 млн сўмгача, мансабдор шахслар эса 28 млн сўмгача маъмурий жаримага тортилади. Қонун билан экология инспекторларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.
Ўзбекистонда хорижликларни номақбул шахс деб топиш ҳақидаги қонун кучга кирди. Унга кўра, эндиликда давлат суверенитетига зид, Ўзбекистон халқининг шаъни ёки тарихини таҳқирлаган чет эл фуқаролари мамлакатга киритилмайди ёки депортация қилинади, шунингдек, қатор тақиқларга дучор бўлади. Вазирлар Маҳкамаси тегишли тартибни 1 ой ичида ишлаб чиқиши керак. Номақбул шахслар “қора рўйхат”га 5 йил муддатга киритилади ва муайян шартлар асосида муддатидан олдин номақбул шахс мақомидан халос қилиниши мумкин.
Хориждаги ватандошлар учун эса “Ватандош” картаси жорий қилинди. Бу карта келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган, Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган чет эл фуқароларига берилади. “Ватандош” картаси эгалари 5 йил давомида Ўзбекистонга визасиз кириш-чиқиши, яшаш гувоҳномасини олмай туриб кўчмас мулк сотиб олиши, алоҳида ҳужжат расмийлаштирмасдан расмий ишга жойлашиши ва кўплаб давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин бўлади.
Тошкент милицияси ғайриоддий тадбирлари билан кўпчиликни лол қолдирди. Маълум бўлишича, қатор ҳолатларда пост-патрул ходимлари шаҳардаги кўп қаватли уйлар подъездида қолдирилган велосипед ва коляскаларни йиғиштириб олиб кетган. Бундан хабар топган фуқаролар мулкини қайтариб олиш учун идорага бориб, тилхат ёзишига тўғри келади. Ходимлар айрим фуқароларнинг коляскасини эҳсон қилиб юборгани ҳам айтилмоқда. Пойтахт ИИББ буни “қаровсиз қолган буюмларнинг хавфсизлигини таъминлаш” амалиёти деб атади. Аҳолидан коляска ва велосипедларини квартирасининг ичкарисига олиб кириб қўйиш талаб қилинмоқда.
Тошкентга оид яна бир хабар билан дайжестимизни якунлаймиз. Яккасарой туманидаги Аския бозори жойлашган ер инвесторга бериладиган бўлди. Туман ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг айтишича, бу ерда 150 млн доллар эвазига янги бозор, совуткич омборхона, ерости автотураргоҳ ва 4 юлдузли меҳмонхона қурилади. Ҳокимлик хабарида инвестор аукцион орқали аниқланиши айтилган, лекин тақдимот қилинган лойиҳанинг муаллифи қайси компания эканига аниқлик киритилмаган. Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳридаги бозорлар кўп қаватли савдо марказларига айлантирилиши ҳақида шу йил апрел ойида эълон қилинган эди.
Мавзуга оид
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
16:13 / 20.12.2024
Йигирмага яқин болани 1,5 минг км масофага ташиётган учта Damas ушланди
16:54 / 19.12.2024
Андижонда Суриядаги террорчи гуруҳларга пул юборган фуқаро 10 йилдан ортиқ муддатга қамалди
15:16 / 18.12.2024