Швейцариянинг Lombard Odier банки Гулнора Каримова иши бўйича пул ювишда айбланди
Прокуратура айбловига кўра, Lombard Odier банки Гулнора Каримованинг гумон қилинаётган жиноий фаолиятини йиллар давомида яширишда «ҳал қилувчи рол» ўйнаган.
Швейцария федерал прокуратураси Lombard Odier хусусий банки ва унинг собиқ ходимларидан бирини жиддий жиноятларда айблади. 29 ноябр куни тақдим этилган айблов хулосасида прокурорлар мамлакатнинг энг нуфузли молиявий институтларидан бири Lombard Odier Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг гумон қилинаётган жиноий фаолиятини йиллар давомида яширишда «ҳал қилувчи рол» ўйнагани айтилади. Бу ҳақда Financial Times ёзди.
Прокурорлар даъвосига кўра, Гулнора Каримова Ўзбекистон ҳукуматининг даромадли шартномаларини назорат қилиб, миллиардлаб долларларни ўзлаштирган ва товламачилик қилган. Шунингдек, даромадларни Швейцарияда жойлашган «The Office» номли ташкилот орқали ювган.
Швейцария прокуратураси 2023 йилда ҳам Гулнора Каримовага айбловлар эълон қилган эди. Уларга кўра Каримова асосан, Ўзбекистонда фойдали шартномалар тузишдан умидвор бўлган халқаро компаниялардан мунтазам равишда пора олиш орқали миллиардлаб даромадни ўзлаштирган.
Прокуратура эълон қилган янги айбловга кўра, Lombard Odier банки жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш стандартлари ва ички мувофиқлик тартиб-қоидаларига риоя қилмаганликда айбланмоқда.
Lombard Odier банки ўз баёнотида собиқ мижози (Каримова) ҳақида ўн йилдан кўпроқ вақт олдин Швейцариянинг пул ювишга қарши кураш идораларига мустақил равишда хабар берганидан кейин тергов бошланганини таъкидлади.
«Биз [прокурорнинг] банкка нисбатан айбловларини эътиборга олдик. Банк учун айбловлар асоссиз. Банк ўзини ҳимоя қилишни режалаштирмоқда. Жараён 2012 йилдан бери давом этмоқда ва банк ҳар доим тегишли органлар билан тўлиқ ҳамкорлик қилиб келган», дейилади баёнотда.
Дастлабки ҳамкорликка қарамай, тарихи XVIII асрга бориб тақаладиган банк 2016 йилда ушбу иш юзасидан жиноий жавобгарликка тортилган. Полиция ўша йили Каримова номига очилган сейфларни тинтув қилганида Ўзбекистон ҳукумати маблағлари ҳисобига олинган қимматбаҳо заргарлик буюмлари ҳамда кўплаб ҳужжатлар топилган, прокурорлар улардан терговда фойдаланган эди.
Қайд қилинишича, Lombard Odier банкининг собиқ ходимига ҳам прокуратура айблов қўйган. Швейцария қонунчилигига кўра, судгача бу шахснинг исми-шарифи ошкор этилмайди. 2008 йилда Lombard Odier томонидан ишга олинишидан олдин бу одам Каримованинг қўлида ишлагани таъкидланмоқда.
Прокурорлар уни банкнинг ички мувофиқлик талабларини бузишда айбдор деб даъво қилмоқда, бу жараён унинг учун осон бўлган. Бу шахс 2012 йилда банкни тарк этган, ўша йили банк раҳбарияти Каримова билан боғлиқ хавотирларини расмийларга маълум қилган.
Каримова шунингдек, Швейцариядаги иккинчи йирик банкротлик ишига ҳам алоқадор. 2010 йилда фақат Ўзбекистонга сармоя киритган ва Цуг шаҳрида жойлашган Zeromax конгломерати қулаб, ўзидан кейин 4,6 миллиард доллар қарзини қолдирган эди. Кредиторлар Каримова ундан жиноий даромад орттириш мақсадида фойдаланганини даъво қилмоқда. Таъкидланишича, Каримова бойлигининг катта қисми Швейцария банклари ҳисобларида музлатилган ҳолда сақланмоқда.
Мавзуга оид
21:03 / 26.11.2024
Хитойда Bank of China собиқ раҳбари ўлим жазосига ҳукм қилинди
19:04 / 26.11.2024
Покистонда минглаб намойишчилар собиқ бош вазир Имрон Хоннинг озод этилишини талаб қилмоқда
13:11 / 23.11.2024
Ўзбекистон ва Швейцария шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтиришга келишиб олди
12:39 / 12.11.2024