Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилинди
Президент Юн Сок Ёл ҳарбий ҳолат эълон қилинишидан мақсад «конституциявий тартибни қайта тиклаш, давлатга қарши кучларни бартараф этиш ва мамлакат хавфсизлигини таъминлаш» эканини маълум қилди.

REUTERS/Kim Hong-Ji/Pool
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этди. Республика президенти бу ҳақда маҳаллий вақт билан 3 декабр куни эфирга узатилган телемурожаати чоғида эълон қилган.
«Мен эркин Корея Республикасини шимолий кореялик коммунистик кучлар таҳдидидан ҳимоя қилиш, халқимиз эркинлиги ва бахтини ўғирлаётган жирканч Шимолий Корея тарафдори бўлган давлатга қарши кучларни таг-томири билан йўқ қилиш ва эркин конституциявий тузумни ҳимоя қилиш мақсадида ҳарбий ҳолат эълон қиламан», — деган Юн Сок Ёл.
Президент мухолифат партиялари мамлакатни инқирозга учратишга уринаётгани учун шундай чорага қўл урганини айтган.
Йонсандаги президент офисида ўтказилган фавқулодда брифингда Юн Сок Ёл мамлакат парламенти ҳукумат амалдорларига қарши кўплаб импичмент жараёнларини қўзғатгани, бу эса давлат тизими фаолиятини издан чиқарганини айтган.
У мухолифат Демократик партияни мамлакат демократик тузилмаси асосларига путур етказишда, хавфсизликни таъминлашга қаратилган ҳукумат бюджетларини блоклаб қўйишда, шунингдек, суд ва ижроия ҳокимиятларини фалажлашда айблади.
Юн Сок Ёлнинг таъкидлашича, вазият Жанубий Корея барқарорлигига таҳдид уйғотадиган критик нуқтага етган. Ўз чиқиши давомида у ҳарбий ҳолат эълон қилинишидан мақсад конституциявий тартибни қайта тиклаш, давлатга қарши кучларни бартараф этиш ва мамлакат хавфсизлигини таъминлаш эканини билдирди.
Президент ҳарбий ҳолат вақтида тинч аҳоли ҳаётига путур етказмаслик учун бор саъй-ҳаракатлар кўрилишига ваъда берди ва бу ҳаракатлар келажак авлодлар ҳимояси учун зарурлигини қайд этди. Аммо ҳарбий ҳолат доирасида айнан қандай чоралар кўрилишига аниқлик киритмаган.
Мухолифатдаги Демократик ишчи партияси раҳбари Ли Жэ Мён ҳарбий ҳолат эълон қилиниши конституцияга хилоф эканлигини таъкидлади. Шунингдек, президент аъзоси бўлган Халқ ҳокимияти партияси раҳбари Хон Дон Хун ҳам бу чорани «нотўғри» деб атаб, уни блоклашга ваъда берган.
Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат 1980 йилдан буён илк бор эълон қилинди.
ОАВ хабарига кўра, ҳарбийлар Жанубий Корея парламентига киришни тўсиб қўйишган. Пойтахт Сеул кўчаларига зирҳли транспортёрлар олиб кирилган.
Армия генерали Пак Ан Су ҳарбий комендант этиб тайинланган. У дарҳол қатор тақиқлар жорий этган:
- Сиёсий фаолият юритиш, сиёсий уюшмалар, митинг ва намойишлар тақиқланади;
- Миллий мажлис, маҳаллий кенгашлар ва сиёсий партиялар фаолияти тақиқланади;
- ОАВ ва нашрлар ҳарбий ҳолат қўмондони назоратида бўлади;
- Барча тиббиёт ходимлари, жумладан ординаторлар, 48 соат ичида иш жойига қайтиши керак;
- Ҳарбий ҳолат тўғрисидаги фармонни бузган шахслар ордерсиз ҳибсга олиниши мумкин.
Ноябр ойи охирида парламентда кўпчиликни ташкил этувчи, мухолифатдаги Жанубий Корея Демократик ишчи партияси ҳукуматнинг бюджет бўйича таклифини қайтариб, давлат аудитори ва бош прокурорига импичмент эълон қилишга қарор қилганди.
Жанубий Корея президенти умуммиллий сайловларда тўғридан тўғри овоз бериш орқали беш йил муддатга сайланади ва унда қайта сайланиш ҳуқуқи бўлмайди. Президент ҳукуматга раҳбарлик қилади ва Жанубий Корея қуролли кучлари олий бош қўмондони ҳисобланади. Юн Сок Ёл 2022 йил 10 май куни президент бўлганди.
Тавсия этамиз
Гўшт нархи ошиши: қўшни мамлакатларда вазият қандай?
Иқтисодиёт | 20:36 / 15.04.2025
ЕОИИ Марказий Осиё интеграциясига монелик қилувчи омил бўлиши мумкин — Фарҳод Толипов
Ўзбекистон | 19:45 / 15.04.2025
Инфляцияни ўлчаш: нархлар қандай кузатилади?
Ўзбекистон | 19:31 / 15.04.2025
Жонни хатарга қўйиб... “Ошқозон”сиз озиш орзуси ҳақида
Жамият | 17:46 / 15.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
ЕЧЛ. "Арсенал" жавоб ўйинида ҳам "Реал"ни енгди, "Интер" "Бавария" билан дуранг қайд этиб, яримфиналга чиқди
Спорт | 02:04
-
Лондон ва Париж мигрантлар алмашинуви бўйича келишувни муҳокама қилмоқда
Жаҳон | 01:01
-
Россияда давлатга хиёнат учун судланганлар сони СССР давридан бери рекорд кўрсаткичга чиқди
Жаҳон | 00:29
-
Хоразмда фуқароларга сохта диплом олиб берган шахс ушланди
Жамият | 23:57 / 16.04.2025
Мавзуга оид

16:44 / 16.04.2025
Украинада ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик 6 августгача узайтирилди

16:59 / 15.04.2025
Зеленский парламентга ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарликни яна уч ойга узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини киритди

18:28 / 08.04.2025
Жанубий Корея чегарани кесиб ўтган КХДР аскарларига қарата огоҳлантирувчи ўт очди

18:13 / 08.04.2025