Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тайван Хитой фаоллиги сабаб ўз армиясини жанговар шай ҳолатга келтирди
Тайвандаги барча ҳарбий бўлинмаларга жанговар шай ҳолатга келиш буюрилди. Бунга Хитой орол яқинидаги кемалари сонини деярли икки баробарга оширгани сабаб бўлди.
Фото: AP
Тайван армияси бўлинмалари Хитойнинг орол яқинидаги фаоллиги туфайли жанговар шай ҳолатга келтирилди.
«Барча ҳарбий бўлинмаларга Хитой халқ озодлик армиясининг фаоллигини кузатиш ва жанговар шай бўлиш буюрилди», — дейилади Тайван мудофаа идорасининг хабарида.
8 декабр куни кечқурун Хитой Тайван яқинидаги кемалари сонини деярли икки баробарга оширди, 9 декабр куни эса Тайван бўғози билан чегарадош Фуцзян ва Чжэцзян провинцияларидан шарқда жойлашган еттита ҳаво ҳудудида ҳаракатланишни чеклади.
Бундан ташқари, оролда жанговар шайликни таъминлаш бўйича ўқувлар бошланган. Хитой ҳозирча Тайван томонидан кўрилаётган чораларга изоҳ бермади.
Эслатиб ўтамиз, октябр ойида Хитой Тайван яқинида ҳарбий ўқувлар ўтказган эди. Декабр бошларида эса ХХР ҳарбий саноатга боғлиқ 13 Америка компанияси, шунингдек, олти нафар топ-менежерга қарши санкциялар жорий этилди ва Пекин буни Тайванга қурол сотилаётгани билан изоҳлади.
Хитой Тайванни ўзининг ажралиб чиққан провинцияси сифатида кўради, аммо орол ўзини алоҳида давлат деб ҳисоблайди ва ўз ҳукумати ҳамда қуролли кучларига эга. Орол ҳукумати 1949 йилда фуқаролар уруши тугаганидан кейин материк Хитойдан мустақиллигини эълон қилган, аммо Тайванни фақат Палау, Тувалу ва Белиз каби ўнга яқин мамлакат суверен давлат сифатида тан олган.
Мавзуга оид
08:56 / 25.04.2026
Хитой дронларни ҳавода қувватлантириш технологиясини синовдан ўтказди
22:05 / 23.04.2026
500 йил одамлардан яширилган шаҳар ва Буюк девор сирлари – Чин юртига сафар
21:32 / 21.04.2026
Хитойда собиқ амалдор Цзэнбин коррупция учун ўлимга ҳукм қилинди
17:59 / 20.04.2026