Жаҳон | 20:49 / 11.12.2024
32282
1 дақиқада ўқилади

Сурияда Башар Асад отасининг жасади бўлган тобут ёқиб юборилди

Оломон Ҳофиз Асад мақбарасига бостириб кириб, тобутга ўт қўйгани таъкидланмоқда.

Фото: AP

Суриянинг Қордаҳа шаҳрида оломон собиқ президент Башар Асаднинг отаси Ҳофиз Асад мақбарасига бостириб кириб, унинг жасади бўлган тобутга ўт қўйди.

Al Arabiya телеканалининг аниқлик киритишича, ушбу мақбарада Асад оиласининг бошқа аъзолари, жумладан Башарнинг акаси Басил ҳам дафн этилган.

Ҳофиз Асад 1930 йилда алавий мазҳаби вакиллари яшайдиган Лазқия (Латақия) вилоятининг Қордаҳа шаҳрида туғилган. У давлат тўнтариши оқибатида ҳокимиятга келган ва 1971 йилдан 2000 йил вафотигача Сурия президенти бўлган.

Ҳофиз Асад

Ҳофизнинг ўрнини тўнғич ўғли Басил эгаллаши керак эди, бироқ у 1994 йилда автоҳалокатда вафот этди. Шундан сўнг, Ҳофиз иккинчи ўғли Башарни ўзининг вориси этиб тайинлади. У акаси вафотидан кейин Лондондан Сурияга қайтарилди.

Башар Асад Сурияни 2024 йил декабригача бошқарди ва 13 йилдан ортиқ давом этган фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, мамлакатни тарк этди.

Мавзуга оид