Ўзбекистон | 18:09 / 15.12.2024
6014
10 дақиқада ўқилади

Конибодомдаги қотиллик, медал олган Комилов, “свети” ўчган Қирғизистон – минтақа ҳафта ичида

Якунига етаётган ҳафтада Сўғд вилояти Конибодом шаҳрида мудҳиш қотиллик юз берди. Туркманистоннинг бетарафлик куни арафасида эса ўзбек дипломати Комиловга унвон берилди. Совуқ тушган Қирғизистонда электр энергияси истеъмоли рекорд ўрнатди.

Минтақа хабарлари билан Kun.uzʼнинг ҳафтаномасида танишинг.

Конибодомни яна қўрқув эгаллади

Якунига етган ҳафтада Тожикистоннинг Сўғд вилояти Конибодом шаҳрини яна қўрқув эгаллади. Гап шундаки, бир оиланинг 6 аъзоси ўлдириб кетилган. Оила бошчиси эркак эса ҳовлисидаги дарахтда осиғлиқ аҳволда топилди. Унинг баданида калтакланиш аломатлари аниқланди. Уйда унинг хотини ва тўрт нафар вояга етмаган фарзанди бўғиб ўлдирилган бўлиши мумкин, чунки уларнинг танасида бўғилиш аломатлари бор. Воқеа хорижий давлатлар медиасида ҳам фаол ёритилди, ҳозирча расмийлар воқеага изоҳ бергани йўқ. Энг ачинарлиси, Конибодомда бундай ҳолат биринчи марта содир бўлмаяпти. Шу йилнинг апрел ойидан бери камида 5 та оила тўлиқ аъзолари билан қотиллик қурбонига айланган. Тожикистоннинг мустақил ахборот манбаси Asia Plus Tojikiston хабарига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари аҳолининг мурожаатлари ва ёрдам сўровларини эътиборсиз қолдирмоқда. Масалан, душанбелик бир аёл ҳуқуқ-тартибот идораларидан эри мунтазам калтаклашини айтиб, зўравонликка қарши чора сўраган. Унинг 6 ёшли қизининг ҳаёти ҳам хавф остида, лекин кучишлатар органлар бирор нима қилишга шошилмаяпти, деб ёзади нашр. 

Тожикистонда скутер эгалари рақам тақиши керак

Тожикистондан узоқлашмаймиз, энди бу давлатда скутер эгалари давлат рақами олиши, скутерини эса рўйхатдан ўтказиши керак. Бундай қарорга келишнинг бир қатор сабаблари келтириб ўтилган. Биринчидан, парвойи фалак скутер эгалари сабаб йўлларда авариялар кўпайган, иккинчидан эса давлат мамлакатдаги транспорт воситалари ҳисобини ҳам юритмоқчи. Шунинг учун скутерларга номер тақиш талаб қилиняпти. Тезлиги 40 км соатдан ошувчи ва двигатели ҳажми 50 куб метр бўлса, албатта, рўйхатдан ўтказилиши керак. 

Тожикистон рекорд даражада картошка етиштирди

Иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига боғланиб қолган Тожикистон шу йилнинг 10 ойи давомида рекорд даражада картошка етиштирган. Давлат ҳисоб-китобига кўра, 10 ойда жами 1 млн 139 минг 936 тонна картошка етиштирилган ва бу ўтган йилгидан 20,6 фоизга кўп. Бироқ картошка сероблиги нархнинг сув-текин бўлишига олиб келмайди. Маълум бўлишича, картошканинг рекорд ҳосили ортидан ҳам МДҲда Тожикистон картошка нархи бўйича 2-ўринда турибди. 

Мутахассисларнинг фикрича, нархларнинг мавсумий бироз пасайиши кузатилди, лекин етиштириш харажатлари юқорилиги ортидан умумий савдога бу таъсир қилмаган. Картошкани асосан кичкина фермер хўжаликлари етиштирган ва уларнинг қўлида замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари йўқ. Юқори нархлар логистика ва омбор инфратузилмасининг етарли эмаслиги билан ҳам боғлиқ. Аксарият фермерлар замонавий омборлар етишмаслигини, маҳсулотни воситачилар орқали сотишга ёки эскирган сақлаш усулларини қўллашга мажбур бўлаётганини айтади. Бундан ташқари, заиф транспорт тармоғи юк ташиш харажатларини оширади. Бу омил якуний нархнинг қиммат сақланишини таъминлаяпти. 

Президент ўғли – амал курсисида

Тожикистонда президентнинг ўғли Рустам Эмомали давлат футбол федерацияси президенти этиб қайта сайланди. У келгуси 4 йилда ҳам бу лавозимда қолади. Ҳисобот сайлов-қурултойи 14 декабр санасида бўлиб ўтган. Бу билан Рустам Эмомали 4 марта футбол федерацияси президентига айланмоқда. 

 Қозоғистон чегарада электрон навбат жорий қилди

 Қозоғистон чегара пунктларида янги электрон навбат тизими жорий қилинмоқда. Шу йилнинг 1 январидан бу амалиёт бошланганди. Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги бош консулхонаси маълумотига кўра, ушбу тизимни жорий этишдан асосий мақсад Қозоғистон ҳудудидан транзит ўтаётган юк транспортларининг кириш ва чиқишини тартибга солиш. Айни пайтда электрон навбат тизими «Тажен-Дауит-ата» чегара ўтказиш пунктида ишга туширилган. Қозоғистон СаргоРуқсат деб аталган бу тизимни Россия билан чегараларида ҳам жорий қилмоқчи. Ўз навбатида эса ҳайдовчилар бунинг ортидан қийинчиликларга дуч келмоқда. Хусусан ўзбекистонликлар ҳам. Бош консулхонамиз тизимни ишлатишни билмаётган юртдошларимизга ёрдам бўлсин учун ўзбек тилида ундан фойдаланиш йўриқномасини жойлаштирди. 

Назарбоев ҳаётига оид маълумотлар махфийлаштирилади

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳаётига оид маълумотлар махфийлаштириладиган бўлди. Бу типдаги маълумотлар давлат сири сифатида таснифланади. Қозоғистон сенаторлари бу ҳақдаги ҳужжатни қабул қилган. Халқ вакиллари 12 декабр куни ўзгартиришларни кўриб чиққан, бироқ давлат сири билан боғлиқ ўзгартиришлар хусусида бирор ким оғиз очмаган. Қолаверса, на ҳукумат ва на парламент аъзолари журналистларга бунинг сабабини тушунтириб беролмаган. Мустақил Қозоғистон ўз тарихида икки президентни кўрди холос. Нурсултон Назарбоев ўз ихтиёри билан 2019 йил лавозимини тарк этса-да, ҳокимиятни қўлида ушлаб қолганди. Бироқ 2022 йилги январ воқеалари ортидан унинг сиёсий ҳокимияти қулади. 2023 йил бошида Назарбоев элбоши мақомидан ҳам маҳрум қилиниб, пойтахтга берилган унинг номи қайтариб олинди. 2023 йилнинг июн ойида Сенат Қозоғистон собиқ президентини Олий кенгаш, интеллектуал мактаблар, Назарбоев университети ва Назарбоев жамғармаси раҳбари мақомидан олувчи ҳужжатни қабул қилди. 

Келин ўғирлаганлик учун жазо кучайтирилади

Яна бир гап шуки, Қозоғистонда келин ўғирлаганлик учун ҳам жазо кучайтирилмоқда. Президент шахсан қозоқларнинг бу келин ўғирлаш одатига ҳуқуқий баҳо сўраганди. Қозоғистон парламенти қонунчиликка келин ўғирлаганлик учун жазони кучайтирувчи тузатишлар тайёрламоқда. Тengrinews нашри хабарига кўра, президентнинг Атирауда бўлиб ўтган Миллий қурултой йиғилишида берган топшириғини бажариш мақсадида депутатлар қонунчиликда келин ўғирлаганлик учун жазони кучайтирмоқчи. 

Абдулазиз Комилов – Туркманистон ёшуллиси

Комилов энди Туркманистонда ҳам ёшулли. Ўзбекистоннинг моҳир дипломати, президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўтган ҳафта Туркманистоннинг ҳурматли ёшуллисига айланди. Унвондан ташқари унга “Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллиги “ юбилей медали ҳам топширилди. Туркманистон президенти бу унвонни Комиловга икки давлат дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун берди, дея эълон қилди Туркман президентини оқловчи медиа “Олтин аср”. Медал ва кўкрак нишони эса ёш авлодни тарбия қилишдаги алоҳида хизматлари, ҳамкорликка қўшган ҳиссаси учун берилган. 

Арқадағ қизига амал берди

 Гурбангули Бердимуҳаммедов катта қизи Ўғилжаҳон Атабоевани хайрия жамғармаси вице-президенти лавозимига тайинлади. Тurkmen news бу хусусида хабар берди. Тайинлов 7 декабр куни Арқадағ шаҳрида бўлиб ўтган Хайрия жамғармаси бошқарув йиғилишида эълон қилинган. Ўғилжаҳон Атабоева Лондонда яшаган, унинг турмуш ўртоғи Давлат Атабоев эса Туркманистоннинг Лондондаги элчихонасида маслаҳатчи. Арқадағ шаҳри қурилар экан, Бердимуҳаммедовнинг куёви Давлат Атабоев шу қурилиш ишларига бош-қош, қўмита маслаҳатчиси. Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг 3 нафар фарзанди бор, ўғли аллақачон президентлик қилмоқда. Иккинчи қизи эса Гулшан. 

Янги элчимиз ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистоннинг Туркманистондаги янги элчиси Равшанбек Алимов президент Сердар Бердимуҳаммедовга ишонч ёрлиқларини топширди. Элчи маросимда икки давлат ўзбек-туркман муносабатларини ривожлантириш йўлида куч-ғайрати ва билимини сафарбар қилишга тайёрлигини айтган. Алимов 2002-2008 йилларда Украина ва Францияда, ўриндошлик асосида эса Молдова ва Португалияда элчи бўлиб ишлаган. 

Баҳсли ҳудудлар тенг тақсимланади

Дастуримизнинг ўтган сонида Қирғизистон ва Тожикистон чегарадаги баҳсли ҳудудлар юзасида музокарани якунлаганини хабар қилгандик. Президент Жапаровнинг тушунтиришича, икки давлат баҳсли ҳудудлар бўйича тенг тақсимлашга келишган. Ҳукуматлараро комиссия ҳар икки мамлакат манфаатларини ҳисобга олган. Иш якунлангач, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара очилади. Чегара постлари 3 йилдан бери ёпилган ҳолатда турибди. Оқибатда эса икки давлат ҳам катта иқтисодий йўқотишларга учради, савдо тўхтатилди. Энди чегарани очамиз ва савдомизни энг юқори даражага кўтарамиз, дейди президент Жапаров. У бундан буёғига келишмовчиликлар бўлмаслиги кераклигини ҳам таъкидлаган. 

Қирғизистонликлар рекорд даражада ток ишлатди

Қирғизистонда 11-12 декабр кунлари электр энергияси истеъмоли рекорд даражага чиқди. Бу ҳақда давлат Энергетика вазирлиги хабар берди. Қиш кириб келиши ва ҳаво ҳароратининг пасайиши туфайли аҳоли электр энергиясидан кўпроқ фойдалана бошлаган. 12 декабрда 3 минг 612 мегаватт электр энергияси истеъмол қилиниб, кунлик электр энергияси истеъмоли 78,931 миллион киловатт соатга етган. Бундай кўрсаткич ҳали Қирғизистон тарихида кузатилмаган. Қирғизистон ҳам худди Ўзбекистон каби сабабни об-ҳавога юклаган. Бироқ ўша икки кунда Қирғизистонда атиги 5 ва 14 даража совуқ бўлган холос. Истеъмол ошгач, энергетиклар светни ўчириб қўйган. 

Коррупционерлар умрбод давлат лавозимини эгалламаслиги мумкин

Қирғизистон хусусида яна бир хабар шуки, энди бу давлатда коррупционерлар умрбод давлат лавозимида ишлолмай қолиши мумкин. Коррупцион жиноятлар учун судланган шахсларга юқори давлат лавозимларида ишлашни умрбод тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Жокоргу Кенешга тақдим этилди. Ҳужжатни депутат Женишбек Токторбаев ишлаб чиққан, у давлат ва маҳаллий бошқарув органларида коррупцияга қарши курашни кучайтиришни назарда тутади. Лойиҳага кўра, коррупционер фуқаролар судланганлик ҳолати бор ёки олиб ташланганидан қатъи назар, президент, парламент депутати ёки вазирлар маҳкамаси аъзоси лавозимларини эгаллаш ҳуқуқига эга бўлмайди. Қонун лойиҳасида муҳокамадан ўтиб, президент тасдиқласа кучга киради.

Мавзуга оид