Жаҳон | 22:21 / 17.12.2024
632
2 дақиқада ўқилади

SpaceX ракетаси янги авлод GPS сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқди

Falcon 9 ракетаси АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг учинчи авлод GPS III глобал сунъий йўлдош тизимини орбитага олиб чиқди.

Фото: Adam Bernstein/Spaceflight Now

Ракета АҚШ Космик кучларининг Канаверал бурнида жойлашган 40-старт мажмуасидан учирилган. Сунъий йўлдош учирилганидан 1,5 соат ўтиб Ердан минг километрдан баландроқ орбитага чиқарилган. Шундан кейин у мустақил равишда тахминан 20 минг километр баландликдаги ўрта Ер орбитасига чиқади.

Шу билан бирга, тўртинчи маротаба фойдаланилган Falcon 9 ташувчи ракетасининг биринчи кўп марталик поғонаси стартдан 8,5 дақиқа ўтиб, Атлантика океанидаги A Shortfall of Gravitas сузувчи платформасига вертикал равишда қўнишни амалга оширган.

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг оғирлиги 3,8 тоннага етадиган GPS III сунъий йўлдоши 2018 йилдан бери учирилган янги авлод аппаратларининг еттинчисига айланди. У айни вақтда бутун дунё бўйлаб GPS сигналларини тақдим этаётган 32 та аппаратдан иборат гуруҳнинг навбатдаги элементи ҳисобланади.

GPS III сунъий йўлдошлари кучли сигналга эга бўлиб, фуқаролик объектлари жойлашган ҳудудни бошқа аппаратлардан кўра уч баробар аниқликда кўрсата олади — 3 метрдан 10 метргача. Бугунги кунда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари оператори бўлган GPS хизматларидан 4 миллиарддан зиёд инсон фойдаланади.

Янги сунъий йўлдошларни ишлаб чиқариш билан Лоcкҳеэд Мартин Lockheed Martin корпорацияси шуғулланмоқда. Ҳар бир сунъий йўлдошнинг қиймати 577 миллион долларни ташкил этади. Янги авлод сунъий йўлдошлари 15 йил давомида хизмат кўрсатиши мумкин.

Мавзуга оид