Reuters: ЕИ давлатлари Украинага 100 минг нафаргача тинчликпарвар кучларни юборишни муҳокама қилмоқда
Ўт очиш тўхтатилса, Европа давлатлари Украинага 100 минг кишигача тинчликпарвар кучларини юбориши мумкин. Бунда Европанинг тутиб турувчи кучлари 5—8 та давлат коалициясидан шаклланади.
Европа давлатлари ўт очиш тўхтатилса, Украинага қўшин юборишни муҳокама қилмоқда. Reuters таҳлилчилари ва манбалари Европа контингенти сонини 40 мингдан 100 минг кишигача баҳоламоқда — уларнинг асосий қисмини Франция, Германия, Италия, Полша ва Буюк Британия ҳарбийлари ташкил этиши мумкин.
Reuters маълумотларига кўра, Европа контингентини Украинага юбориш бўйича музокаралар ҳозирда дастлабки босқичда, аммо давлатлар ўртасида аллақачон келишмовчилик пайдо бўлган — ҳатто ушбу масалани ҳозир муҳокама қилишнинг қанчалик мақсадга мувофиқлиги борасида ҳам. Европалик етакчилар, агентликнинг ёзишича, Владимир Путинда музокаралар вақти келгани ва у жанг майдонидаги ўз позицияларини сақлаб қолиши мумкинлиги ҳақида таассурот уйғотмоқчи эмас. Аммо парда ортида айрим амалдорлар ЕИ Украинага тақдим этиши мумкин бўлган кафолатлар имкониятини кўриб чиқмоқда.
Украиналик манбалардан бирининг айтишича, Европанинг тутиб турувчи кучлари 5—8 та давлат коалициясидан шакллантирилиши мумкин. Айрим таҳлилчилар Европа контингентининг сони 40 минг ҳарбийдан иборат бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Халқаро стратегик тадқиқотлар институтида фаолият юритадиган ҳарбий режалаштириш бўйича собиқ мутахассис Франц-Штефан Гадининг ҳисоблашича, Украинага жойлаштириладиган бўлинмаларга 100 мингга яқин ҳарбий жалб этилиши мумкин. Аноним тарзда маълумот берган Европа хавфсизлик офицери ҳам ушбу тахминларга қўшилган.
Россия Ташқи разведка хизмати ҳам ноябр ойида 100 минг ҳарбий ҳақида гапирган эди. Разведкадаги мавжуд маълумотларга кўра, ғарб давлатлари тобора урушни «музлатиш» заруратини ёқламоқда ва у ерга 100 минг нафаргача тинчликпарвар кучларни юбориши кутилмоқда.
Reutersʼнинг қайд этишича, Европа кучларининг иштироки Россия билан тўғридан-тўғри зиддият хавфини кучайтиради. Шунингдек, улар БМТ ҳимояси остида бўлиши керакми деган савол ҳам юзага келмоқда — амалдорларнинг ҳисоблашича, бу Россияга жуда катта таъсир кўрсатиш имкониятини тақдим этади.
Мавзуга оид
15:51 / 18.12.2024
ЕИ газ етказиб берувчилари Украина орқали транзитни сақлаб қолишга чақирмоқда
13:55 / 18.12.2024
«Бизда уларни қайтариш учун куч йўқ». Зеленский — Қрим ва Донбасс ҳақида
09:50 / 18.12.2024
Европада кекса кишиларни алдаган фирибгарлар тармоғи фош этилди
08:54 / 18.12.2024