Жаҳон | 21:40 / 22.01.2025
9749
2 дақиқада ўқилади

Трамп Путинни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирди

АҚШ президенти акс ҳолда россиялик ҳамкасбига турли санкциялар билан таҳдид қилди.

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путинни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда у ўзига тегишли Truth Social ижтимоий тармоғида мурожаат қилди.

«Мен Россияга зарар етказишни хоҳламайман. Мен россияликларни яхши кўраман ва ҳар доим президент Путин билан жуда яхши муносабатда бўлганман… Биз ҳеч қачон унутмаслигимиз керакки, Россия Иккинчи Жаҳон урушида ғалаба қозонишимизга ёрдам берди ва бу жараёнда қарийб 60 миллион кишини йўқотди… Мен иқтисодиёти инқирозга учраётган Россияга ва президент Путинга жуда катта ёрдам бермоқчиман. Энди тинчланинг ва бу бемаъни урушни тўхтатинг! Вазият тобора ёмонлашаверади», деб ёзди Трамп.

АҚШ президенти агар уруш тўхтатилмаса, россиялик ҳамкасбига турли санкциялар билан таҳдид қилди.

«Агар биз «келишув»ни тезда туза олмасак, Россия томонидан АҚШ ва бошқа давлатларга сотилаётган барча нарсага юқори солиқлар, божлар ва санкциялар киритишдан бошқа чорам қолмайди. Агар президент бўлганимда, бу уруш ҳеч қачон бошланмас эди, келинг бу урушни тўхтатайлик! Биз буни осон ёки қийин йўл билан қила оламиз ва осон йўл ҳар доим яхшироқ. «Битим тузиш» вақти келди. Энди ҳеч бир ҳаёт йўқотилмаслиги керак!», деб ёзди Трамп.

Доналд Трамп сайловолди ташвиқотида агар президент бўлса, Украинадаги урушни бир кунда тўхтатиши ҳақида жуда кўп баёнот берган эди.

Мавзуга оид