Ўзбекистон | 20:23 / 24.01.2025
6290
2 дақиқада ўқилади

Янги қуриладиган барча квартиралар марказлашган иссиқлик таъминотига уланади — Қурилиш вазирлиги

Вазирликнинг Kun.uz'га маълум қилишича, жорий йилдан бошлаб янги кўп қаватли уйларнинг барчаси ё ҳудудда мавжуд қозонхонага уланади, ёки алоҳида янги қозонхоналар қурилади. Янги Тошкентда қурилаётган кўп қаватли уй-жойларда эса иситиш ва совитиш учун марказлашган тригенерация тизимидан фойдаланилади.

Фото: Kun.uz

23 январ кунги президент селекторида бу йил 135 мингта хонадонли кўп қаватли уйларни марказлашган ҳолда иситиладиган, овқат пишириш эса электр плитаси орқали бўладиган қилиб қуриш зарурлиги таъкидланди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2025 йилда республикада айнан 135 мингта хонадонли янги турар жойлар қурилади ва уларнинг барчаси марказлашган иссиқлик таъминотига уланади.

Вазирликнинг маълум қилишича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жорий йилда 120 мингта хонадонли, Янги Тошкент ҳудудида 15 минг хонадондан иборат кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисоб-китоб қилинган.

“Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бўйича 2021 йил 9 декабрда имзоланган президент фармонига асосан, “Янги Ўзбекистон” массивларида кўп қаватли уй-жойлар, муҳандислик-транспорт коммуникацияси, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари комплекс тарзда қурилиши белгиланган. Шуни инобатга олиб, “Янги Ўзбекистон” массивларида барпо этилаётган 29 мингта хонадондан иборат кўп қаватли уйлар марказлашган иссиқлик таъминоти билан таъминланади, дейилади вазирлик изоҳида.

Шунингдек, Янги Тошкентда барпо этилаётган 15 мингта хонадондан иборат кўп қаватли уйларни иситиш ва совитиш марказлашган тригенерация тизими орқали амалга оширилади.

Вазирликнинг қайд этишича, республиканинг уй-жойларга талаб юқори бўлган ҳудудларида 91 мингта хонадондан иборат кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилмоқда. Мавжуд марказлашган қозонхоналар орқали иссиқлик энергиясини етказиб бериш имконияти бўлган ҳудудлардаги янгидан қурилаётган кўп қаватли уйларни марказий қозонхоналарга улаш бўйича тегишли техник шартлар олиниб, марказлашган иссиқлик таъминоти билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Мавжуд марказий ва маҳаллий қозонхоналарга улаш имконияти бўлмаган янгидан қурилаётган кўп қаватли уйлар учун алоҳида қозонхоналар қурилади.

Мавзуга оид