Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Apple компанияси SpaceX билан ҳамкорликни бошлади
Бу орқали компания iPhone қурилмалари Starlink сунъий йўлдош тизимини қўллаб-қувватлашига эришмоқчи. Мазкур тизим мобил алоқа йўқ жойларда матнли хабар юбориш имконини беради.
Apple iPhone фойдаланувчиларига Starlink тармоғидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш учун SpaceX компанияси ва T-Mobile оператори билан яширин ҳамкорлик олиб бормоқда, деб хабар беради Bloomberg.
Агентликнинг ёзишича, 27 январ куни «оммага ошкор қилинмаган ҳолда» Starlink’ни қўллаб-қувватловчи функцияга эга янгиланган дастурий таъминот чиқарилган. Бета-синов дастурига ҳозирча кам сонли iPhone фойдаланувчилари уланган.
Бета-синовда иштирок этаётган илк фойдаланувчилар T-Mobile’дан матнли хабар олган. «Сиз T-Mobile Starlink’нинг бета-версиясидасиз. Энди дунёнинг деярли исталган нуқтасидан сунъий йўлдош орқали матнли хабар йўллашингиз мумкин. Фойдаланишни бошлаш учун қурилмангизни iOS 18.3 га қадар янгиланг», дейилади хабарда.
Bloombergʼнинг тушунтиришича, бу қуйидаги тартибда ишлайди: iPhone мобил алоқа йўқ зонага кириб қолса, у SpaceX сунъий йўлдошларига уланишга уринади. Ҳозирча сунъий йўлдош алоқаси орқали фақат матнли хабарлар юбориш мумкин. Шу билан бирга, сунъий йўлдош алоқасининг имкониятларидан мобил алоқа мавжуд ҳудудларда фойдаланиб бўлмайди.
SpaceX ва T-Mobile келажакда дастурни маълумотлар алмашинуви ва овозли чақирувларга қадар кенгайтиришни режалаштирмоқда.
2024 йил октябрда АҚШнинг Алоқа бўйича федерал комиссияси SpaceX ва T-Mobile компанияларига «Ҳелен» тўфонидан жабр кўрган Шимолий Каролина ҳудудларида алоқани таъминлашда Starlink сунъий йўлдошларидан фойдаланишга рухсат берган эди.