Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил ва ҲАМАС ўртасида воситачилар орқали келишувнинг иккинчи босқичи бўйича дастлабки музокаралар бошланди. Al Jazeera маълумотига кўра, шимолий Ғазога 300 мингдан ортиқ қочқинлар қайтади.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг фаластинликларни қўшни араб мамлакатларига кўчириш таклифи жиддий қаршиликка учрамоқда. Демократ сенатор Берни Сандерс бу таклифни «этник тозалаш ва ҳарбий жиноят» деб атади.

БМТ ҳам Трампнинг бу таклифини рад этди. БМТ вакили Стефан Дюжаррик ташкилот ҳар қандай мажбурий кўчириш ёки этник тозалашга олиб келадиган режаларга қатъий қарши эканини таъкидлади.

The Times of Israel нашрига кўра, Трампнинг бу ғояси Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг коалициясини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Чунки келишув туфайли коалицияда ихтилофлар кучайган.

Бу орада Исроилнинг отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиган молия вазири Бецалел Смотрич келишувнинг биринчи босқичидан сўнг Ғазони тўлиқ қайта оккупация қилиш ва аҳолини мажбурий кўчириш режасини тайёрлашни таклиф этди.

Евроиттифоқ Сурияга санкцияларни юмшатди

Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний Европа Иттифоқининг Башар Асад режими ағдарилгандан сўнг санкцияларни бир йилга тўхтатиш қарорига ижобий баҳо берди. У буни «ижобий қадам» деб атади.

Брюссел Дамашқдаги вақтинчалик ҳукумат билан алоқаларни йўлга қўйди ва ҳуманитар ёрдамни кўпайтирди. Бироқ санкциялар тўлиқ бекор қилинмай, янги ҳукумат мажбуриятларини бажармаса, қайта тикланиши мумкин.

Санкцияларни юмшатиш инфратузилмани тиклаш ва ижтимоий хизматларни ривожлантириш учун зарур. Европа Иттифоқи янги ҳукуматнинг ҳаракатларини назорат қилади.

Зеленский: «Ядродан воз кечиш «аҳмоқлик» бўлган»

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатнинг 1994 йилда ядровий қуролдан воз кечиш қарорини «ахмоқона ва масъулиятсиз» деб атади.

Зеленский Киев Будапешт меморандуми имзоланишидан аввал жиддий хавфсизлик кафолатларини талаб қилиши кераклигини таъкидлади. Украина ўшандаги қарори билан дунёда учинчи йирик ядровий арсеналдан воз кечган, аммо эвазига етарли хавфсизлик кафолатларни ололмади.