Жорий йил феврал ойи 6–7 кун давомида сақланиб турадиган қуруқ об-ҳаво билан бошланади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.
Ушбу давр бошида ҳаво ҳарорати кечалари 0…–5 даража, кундуз кунлари +3…+8 даража атрофида бўлади. 6–7 феврал кунларига келиб нисбатан илиқлашади. Кундуз кунлари ҳаво +12…+15 даражагача, шимолда +5…+8 даражагача исийди.
Кейинчалик, ойнинг охиригача, ҳарорат кечалари +2…+7 даражадан –3…–8 даражагача, кундуз кунлари +10…+15 даражадан 0…+5 даражагача бўлади. Шимолда кечалари –2…+3 даражадан –8…–13 даражагача, кундуз кунлари +5…+10 даражадан 0…–5 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.
Республика ҳудуди бўйича биринчи ўн кунлик охирида асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда 2–3 кундан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши кутилмоқда.
Феврал ойида республика ҳудуди бўйича ойлик ёғингарчилик миқдори ўртача кўп йиллик қийматлардан кўп бўлмайди.
Ўтган йилларда феврал қандай бўлган?
Иқлим маълумотларига кўра, февраль ойи январь ойига нисбатан ўртача 2–2,5 даражага, тоғларда 1–1,5 даражага илиқроқ бўлади. Аммо қиш ойларининг об-ҳавоси бир хилликка мойил эмас ва турли йилларда Ўзбекистонда феврал ойлари ҳар хил бўлган.
Ушбу асрда умуман олганда 2004, 2016 ва 2021 йилларнинг феврал ойлари энг илиқ ойлар бўлиб, ўртача ойлик ҳарорат иқлимий меъёрдан 3–6 даражага юқори бўлган. Ушбу йилларда энг илиқ даврларда ҳаво ҳарорати +22…+27 даражагача, жанубда +28…+30 даражагача кўтарилган. Бундай шароитлар баҳор фаслининг ўрталарига хосдир.
Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун феврал ойидаги максимал ҳароратнинг мутлақ рекордлари республика ҳудудининг катта қисмида 2016 ва 2021 йилларда кузатилган.
Аммо энг илиқ йилларда ҳам феврал ҳали ҳам қиш ойи эканини унутмайди. Кўпинча ҳаво жадал исишидан сўнг қисқа муддатга қишки совуқлар қайтади. Шундай қилиб, 2021 йил феврал ойида аномал илиқ об-ҳаводан (меъёрдан 8–13 даражага юқори) сўнг, ойнинг охирги ҳафтасида ҳаво ҳарорати –10…–15 даражагача пасайганди, дейилади ҳисоботда.
Мазкур асрда энг совуқ даврлар 2008, 2012 ва 2014 йилларнинг феврал ойларида кузатилган бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 4–8 даражага паст бўлиши кузатилган. Республика ҳудудининг катта қисмида минимал ҳаво ҳарорати –12…–17 даражагача, шимолда –24…–29 даражагача пасайган.


















