Жаҳон | 13:17 / 01.02.2025
1914
3 дақиқада ўқилади

Ойда электр: олимлар космик миссиялар учун ядро реакторини яратди

Реактор Ойдаги экстремал шароитларда луноход ва бошқа космик кемаларни барқарор энергия билан таъминлашга мўлжалланган.

Европалик олимлар ва муҳандислар келажакда Ой миссияларининг муваффақияти учун муҳим бўлган кичик ядровий энергия тизимини ишлаб чиқди. Европанинг етакчи ташкилотлари бирлашмаси томонидан яратилган PULSAR лойиҳаси радиоизотоп энергия тизими ғоясини тақдим этди.

Ушбу тизим Ойдаги экстремал шароитларда луноход ва бошқа космик кемаларни барқарор энергия билан таъминлаш учун мўлжалланган.

Ой ўта мураккаб шароитга эга. Қуёш энергияси мавжуд бўлса-да, доим ҳам унга ишониб бўлмайди: тун 14 кунгача чўзилиши мумкин, ҳарорат эса жуда паст даражада бўлади. Айрим ҳудудларда, масалан, қутблар яқинидаги кратерларда, доимий зулмат ҳукм суради, бу эса қуёш батареяларини мутлақо фойдасиз қилади. Айнан шундай шароитда ядро энергияси ёрдамга келади.

PULSAR тизими табиий равишда парчаланиб, иссиқлик чиқарадиган плутоний-238 дан фойдаланади. Ушбу иссиқлик эса иккита Стирлинг двигатели ёрдамида электр энергиясига айлантирилади. Ушбу технология 100 дан 500 Ваттгача энергия ишлаб чиқаради, бу ой юзасида ҳаракатланадиган аппарат ёки юк кемасини қувват билан таъминлаш учун етарли.

PULSAR тизимининг асосий афзалликларидан бири унинг ихчамлиги ва самарадорлигидир. Анъанавий ядро батареялари ва генераторлари катта миқдордаги ёқилғи талаб қилиши ҳамда сезиларли оғирликка эга экани сабаб учириш харажатларини оширади. Янги тизим эса такомиллаштирилган Стирлинг двигатели туфайли енгилроқ ва самаралироқ. Бундан ташқари, тизим хавфсизлик чораларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган, бу уни космодромдан хавфсиз учириш имконини беради.

Ой тадқиқотлар учун тобора муҳим объектга айланмоқда. Қутблар яқинидаги доимий соя кратерларда сув ва кислород ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкин бўлган муз захиралари мавжуд бўлиши мумкин. Бироқ ишончли энергия манбаисиз бундай миссияларни амалга ошириб бўлмайди.

Ядро энергетикаси қуёш нуридан қатъи назар, барқарор ва кучли энергия таъминотини таъминлайди. Бу уни мураккаб шароитларда узоқ муддатли миссиялар учун мукаммал ечимга айлантиради.

PULSAR лойиҳаси концептуал ишлаб чиқиш ва техник-иқтисодий асослаш босқичини аллақачон якунлади. Кейинги босқич уни ой шароитларига ўхшаш шароитда синовдан ўтказиш бўлади.

Мавзуга оид