Жаҳон | 20:12 / 04.02.2025
18664
3 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШ ёрдам эвазига Украинадан ноёб металлар олмоқчилигини айтди

Бу Европада ва Москвада танқидга учради.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Украина ҳукумати билан Киев Америка ёрдами эвазига нодир металларни етказиб бериши бўйича келишув имзоламоқчи эканини маълум қилди. 

«Биз Украина билан битим тузмоқчимиз, унинг доирасида улар биз уларга берган нарсаларни ўз нодир металлари ва бошқа нарсалари эвазига олишади», — деган Трамп 3 феврал куни Оқ уйда журналистлар билан мулоқот чоғида.

Журналистлар билан мулоқот чоғида Трамп Россия–Украина урушини ҳал қилиш масаласида «катта силжиш» борлигини айтиб ўтган. Аммо у тафсилотларни очиқламаган.

Нодир ер минералларига қизиқиш билдирар экан, Трамп мамлакат президенти Володимир Зеленскийдан келган таклифни қўллаб-қувватлайди, деб ёзади NYT.

Financial Times маълумотларига кўра, Украина ҳукумати ўзининг «ғалаба режаси»ни тайёрлашда Доналд Трамп АҚШ президентига айланишини инобатга олиб иккита банд қўшган. Улардан бирида Украина муҳим табиий ресурсларини ғарб давлатлари билан бўлишиши, иккинчисида эса уруш тугаганидан украинлар Американинг Европадаги айрим қўшинлари ўрнини эгаллаши кўзда тутилган.

Кремл Трампнинг Киевга нодир металлар эвазига ёрдам кўрсатиш ғоясини танқид қилди

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ президенти Доналд Трампнинг Киевга нодир металл ресурсларидан фойдаланиш эвазига Киевга ёрдам бериш ғоясига муносабат билдириб, уни Украинага ёрдам кўрсатмасликка чақирди.

«Агар нарсаларни ўз номи билан атайдиган бўлсак, бу ёрдамни сотиб олиш таклифидир. Яъни ёрдамни бепул ёки бошқа тарзда беришни давом эттириш эмас, балки уни тижорат асосида тақдим этиш. Яхшиси, албатта, умуман ёрдам кўрсатмаслик ва шу билан ушбу можарони якунлашда ҳисса қўшиш керак», — деди 4 феврал куни Песков.

Москвадагилар уруш бошидан буён Ғарбни Украинага ёрдам бермасликка чақириб, бу ёрдам можаро якунига таъсир қилмаслиги, фақат унинг чўзилишига сабаб бўлишини таъкидлаб келади. Шу вақтгача Кремлда Трампнинг Украина бўйича баёнотларидан бирортаси тўғридан тўғри танқид қилинмаганди.

Трампнинг сўзлари Евроиттифоқда ҳам танқидга учради. Германия канцлери Олаф Шолц АҚШ президенти ғоясини «эгоистик» деб атаб, украин ресурслари мамлакатни урушдан кейин тиклашни молиялаштиришда фойдаланилиши лозимлигини таъкидлади.

Шолц келажакда Украинага кучли армия, шунингдек, мамлакатни қайта тиклаш учун маблағ керак бўлишини таъкидлади. «Украинада рўй бераётган улкан вайронагарчиликни ҳисобга олсак, булар катта вазифалардир. Шунинг учун ҳам Украина ресурсларидан келажак учун фойдаланилса яхши бўларди, деб ўйлайман», — дея қўшимча қилди Германия канцлери.

Мавзуга оид