Жаҳон | 22:37 / 10.02.2025
2752
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Исроилни тинчлик сулҳини бузишда айблади

ҲАМАС гуруҳига кўра, Исроил томони Ғазо секторининг шимолий қисмида яшовчи аҳолининг уйига қайтишига тўсқинлик қилмоқда. Шу боис гаровдаги исроилликларни озод этиш жараёни бекор қилинади.

Фото: Reuters

ҲАМАС гаровда сақланаётган Исроил фуқароларининг навбатдаги гуруҳини озод этиш жараёнини бекор қилди, деб хабар беради The Jerusalem Post.

Гаровдагилар ва фаластинлик маҳбуслар алмашинуви бўйича навбатдаги жараён 15 феврал кунига режалаштирилган эди.

ҲАМАС ушбу қарорни Исроил томони тинчлик сулҳини бузгани сабаб қабул қилганини билдирган. Таъкидланишича, Исроил Ғазо секторининг шимолий қисмида яшовчи аҳолининг уйига қайтишига тўсқинлик қилмоқда, шунингдек, минтақага гуманитар ёрдамларни киритмаяпти.

ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги тинчлик сулҳи 19 январдан кучга кирган. Унинг 42 кун давом этадиган биринчи босқичида ҲАМАС гаровга олинган 33 кишини қўйиб юборади, Исроил бўлса 1,9 мингдан зиёд маҳбусни озод этади ва Ғазо секторидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни бошлайди.

Аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувни охирига етказиш, гаровдагиларнинг барчаси озод қилингач ҲАМАС йўқ қилинишига ваъда берганди. АҚШ президенти Доналд Трамп эса бир неча бор фаластинликлар Ғазо секторидан қўшни араб мамлакатларига кўчирилиши, сектор ҳудуди АҚШ назоратига ўтиши кераклигини таъкидлаган.

Мавзуга оид