Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
The Telegraph: Франция Германияга ядровий қуролга эга қирувчи самолётларини жойлаштиришга тайёр
Европа давлатлари мудофаа ва хавфсизлик масалаларида узоқ вақтдан бери АҚШга таяниб келмоқда. Ҳозирда Қўшма Штатлар тахминан 100 та ядровий ракетаси ёрдамида Европа хавфсизлигини таъминлаб келяпти.
Франция Германия ҳудудига ядровий қуролларга эга ўз қирувчи самолётларини жойлашгиришга тайёр, деб ёзади The Telegraph ўз манбаларига таяниб.
Европанинг АҚШдан «мустақил» бўлишини ёқловчи Германия канцлерлигига номзод Фридрих Мерц Буюк Британия ва Францияни минтақа мудофааси учун ядровий арсеналидан фойдаланишни кенгайтиришга чақирди.
Нашр манбасининг таъкидлашича, Франция қирувчи самолётларининг Германияга жойлаштирилиши Владимир Путин учун огоҳлантириш бўлади. Ўз навбатида Берлиндаги дипломатлар Франциянинг қарори Буюк Британия бош вазири Кир Стармерга ҳам босим кўрсатишини ва ундан ҳам шундай йўл тутиш талаб қилиниши мумкинлигини тахмин қилган.
«Бир нечта француз ядровий реактив қирувчиларини Германияга жойлаштириш қийин бўлмаслиги керак ва у Россия учун ишонарли сигнал бўлиб хизмат қилади», — дейди нашр суҳбатдошларидан бири.
Немис дипломатларининг сўзларига кўра, ҳозирча бу борадаги музокаралар бошланмаган, чунки Мерц коалицион ҳукуматни шакллантириш билан банд.
Шу билан бирга, The Telegraph манбаларидан бирининг таъкидлашича, Германия ҳукумати агар АҚШ ўзининг ядровий кучларини олиб чиқиб кетмаса, Франция қирувчи самолётларининг мамлакатга жойлаштирилишини расман сўраши даргумон.
Маълумотларга кўра, Франция 300 та ядровий жанговар зарядга эга. Буюк Британиянинг ядровий тутиб туриш кучлари «Вэнгард» типидаги тўртта стратегик атом сувости кемасидан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири 16 та ядровий каллакни таший олади.
Европа давлатлари мудофаа ва хавфсизлик масалаларида узоқ вақтдан бери АҚШга таяниб келмоқда. Ҳозирда Қўшма Штатлар тахминан 100 та ядровий ракетаси ёрдамида Европа хавфсизлигини таъминлаяпти, уларнинг аксарияти АҚШнинг Германиядаги ҳарбий базасига жойлаштирилган.
Европалик иттифоқчиларни кўп йиллардан бери танқид қилиб келадиган Доналд Трамп АҚШ президентлиги лавозимига киришгач, Қўшма Штатлар ва Европа муносабатларида инқироз бошланди. Европалик амалдорлар АҚШ ЕИ ҳудудидаги ҳарбий хизматчилари ва ҳарбий техникаларини олиб чиқиб кетиши, шунингдек, Украина ва Европанинг асосий хавфсизлик кафолати ролидан воз кечиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.
Мавзуга оид
08:40 / 06.06.2026
Кремлда Путин ва Шрёдер ўртасида учрашув бўлиб ўтди
08:51 / 04.06.2026
Германия фуқаролигини олган чет элликлар сони рекорд даражага етди
08:28 / 03.06.2026
Руминия 298 та Lynx жанговар машинасини харид қилади
08:38 / 02.06.2026