Жаҳон | 23:07 / 18.03.2025
13648
5 дақиқада ўқилади

Путин Украина энергетика объектларига 30 кун зарба бермасликни қўллаб-қувватлади ва «ҳарбийларга тегишли буйруқ берди»

Россия президенти 19 март куни Украина томони билан «175=175» форматида асирлар алмашинуви ўтказилиши, шунингдек, оғир яраланган 23 нафар ҳарбий Украинага топширилишини маълум қилди.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Кремлнинг маълум қилишича, икки давлат етакчилари Украина атрофидаги вазият бўйича батафсил ва очиқ фикр алмашган.

Таъкидланишича, Россия президенти можарони тинч йўл билан ҳал этишга қатъий содиқлигини тасдиқлаган ҳолда, америкалик шериклари билан биргаликда муаммони ҳар томонлама, барқарор ва узоқ муддатли ҳал қилиш йўлларини батафсил ишлаб чиқишга тайёр эканини билдирган. Шунингдек, у можаронинг асосий сабабларини бартараф этиш ва Россиянинг хавфсизлик борасидаги қонуний манфаатларини инобатга олиш зарурлигини алоҳида қайд этган.

АҚШ президентининг 30 кунлик сулҳ жорий этиш ташаббуси доирасида Россия томони бир қатор муҳим масалаларни кўтарган — улар орасида бутун фронт чизиғида ўт очишни тўхтатиш устидан самарали назоратни таъминлаш, Украинадаги мажбурий сафарбарликни тўхтатиш ва Қуролли кучларнинг қайта қуролланиш жараёнига чек қўйиш зарурати бор. Шунингдек, Киев режимининг келишувларга риоя қилишга қодир эмаслиги билан боғлиқ жиддий хавфларга эътибор қаратилган. У илгари ҳам бир неча бор эришилган келишувларни саботаж қилган ва бузгани таъкидланган. Бундан ташқари, Курск областида тинч аҳолига қарши «украиналиклар томонидан содир этилган террорчилик хусусиятига эга ваҳшиёна жиноятларга» алоҳида урғу берилган.

Шунингдек, можаро янада авж олмаслиги ва уни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилиш йўналишида ишлаш учун асосий шарт — Украинага чет эл ҳарбий ёрдами ҳам разведка маълумотларини тақдим этишни тўлиқ тўхтатиш бўлиши кераклиги таъкидланган.

Доналд Трампнинг Курск областида қуршовда қолган украиналик ҳарбийларнинг ҳаётини сақлаб қолиш бўйича яқинда қилган мурожаати муносабати билан, Владимир Путин Россия томони гуманитар тамойилларга амал қилишга тайёр эканини тасдиқлаган. У, шунингдек, агар Украина Қуролли кучлари аскарлари таслим бўлса, уларга муносиб муомала кафолатланишини, бу Россия қонунлари ҳамда халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ амалга оширилишини билдирган.

«Суҳбат давомида Доналд Трамп можаро томонларига 30 кун давомида энергетика инфратузилмаси объектларига зарба бермаслик бўйича ўзаро келишув таклифини илгари сурди, Владимир Путин эса бу ташаббусни ижобий қабул қилиб, дарҳол Россия ҳарбийларига тегишли буйруқ берди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Россия президенти Доналд Трамп томонидан илгари сурилган Қора денгиз акваториясида кемалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташаббусни амалга ошириш ғоясига конструктив ёндашган. Бунинг аниқ тафсилотларини қўшимча ишлаб чиқиш мақсадида музокараларни бошлашга келишиб олинган.

Владимир Путин 19 март куни Россия ва Украина томонлари «175=175» форматида асирлар алмашинуви ўтказиши тўғрисида маълумот берган. Бундан ташқари, инсонпарварлик ишораси сифатида, Россия тиббиёт муассасаларида даволанаётган 23 оғир ярадор украиналик ҳарбийни Украина томонига топширилади.

Етакчилар Украина можаросини ҳал қилиш бўйича икки томонлама форматда иш олиб боришни давом эттириш ниятларини тасдиқлаган. Бу жараёнда, хусусан, АҚШ президентининг юқорида тилга олинган таклифлари ҳам инобатга олинади. Шу мақсадда Россия ва АҚШ эксперт гуруҳлари ташкил этилади.

Владимир Путин ва Доналд Трамп халқаро кун тартибидаги бошқа масалалар, жумладан, Яқин Шарқ ҳамда Қизил денгиз минтақасидаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Можароли ҳудудлардаги вазиятни барқарорлаштириш, ядро қуролининг тарқалишига қарши кураш ва глобал хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатлар амалга оширилади. Бу эса ўз навбатида, Россия-АҚШ муносабатларининг умумий муҳитини яхшилашга хизмат қилади. Ижобий мисоллардан бири сифатида Украина можаросига оид БМТ резолюцияси бўйича ҳамжиҳатликда овоз бериш кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, президентлар давлатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин бўлган турли йўналишларни муҳокама қилган. Хусусан, иқтисодиёт ва энергетика соҳаларида узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор ғоялар илгари сурилган.

Бундан ташқари, Владимир Путиннинг АҚШ ва Россияда россиялик ҳамда америкалик хоккейчилар иштирокида НҲЛ ва КҲЛ доирасида ўртоқлик ўйинларини ташкил этиш ташаббуси Доналд Трамп томонидан қўллаб-қувватланган.

Трамп ва Путин мулоқотининг якунлари бўйича Оқ уй эълон қилган баёнотда таъкидланишича, АҚШ ва Россия етакчилари Украина можароси мустаҳкам тинчлик билан якунланиши ҳақидаги фикрга қўшилган.

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи