Жаҳон | 20:45 / 19.03.2025
3267
2 дақиқада ўқилади

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок БМТ Бош Ассамблеяси раиси бўлади

БМТ Бош Ассамблеяси раисининг вазифалари йиғилишларни бошқариш ва вакиллик функцияларини бажаришдан иборат. Германия охирги марта 1980 йилда Бош Ассамблеяда раислик қилган.

Фото: Getty images

Куздан бошлаб Германиянинг амалдаги ташқи ишлар вазири БМТ Бош Ассамблеяси раиси лавозимини эгаллайди. Ушбу лавозимда бир йил давомида фаолият юритиш мумкин. Май ойида Бербок Ню-Йоркдаги БМТ штаб-квартирасида ўз иш дастурини тақдим этиши, сентябр ойида эса ишга киришиши керак.

Бироқ Бербок бу лавозимни хоҳламаган кўринади. Берлиндагиларнинг ҳисоблашича, у ташқи ишлар вазири лавозимида қолишни истаган. Бербок «Яшиллар» партиясининг сайловолди кампаниясида катта иштиёқ билан қатнашган ва миш-мишларга кўра, партия мағлубиятга учраган тақдирда ўзининг келажакдаги сиёсий имкониятларини сафдошлар билан муҳокама қилган. Афтидан, ўша пайтда у БМТ лавозимига «захира аэродроми» сифатида қараган бўлиши мумкин.

БМТ Бош Ассамблеяси раисининг вазифалари йиғилишларни бошқариш ва вакиллик функцияларини бажаришдан иборат. Бу лавозим ҳар йили алмашиб туради. Германия охирги марта 1980 йилда Бош Ассамблеяда раислик қилган.

Билд маълумотларига кўра, «Яшиллар» партиясининг сайловлардаги оғир мағлубиятидан сўнг Анналена Бербок дарҳол «деярли канцлер» Фридрих Мерцга мурожаат қилган. Табиийки, унинг ёрдамисиз Бербок БМТдаги лавозимга даъво қила олмас эди.

Шундан сўнг аслида ушбу лавозимни эгаллаши керак бўлган тажрибали дипломат ва аввалги ЙХҲТ бош котиби Ҳелга Шмид ўз ўрнини Бербокка бўшатган. Энди Шмид 2026 йилги Мюнхен хавфсизлик конференциясини тайёрлаш бўйича оператив ишлар билан шуғулланади.

Мавзуга оид