Фан-техника | 20:24 / 23.03.2025
5507
3 дақиқада ўқилади

Хитой орбитада сунъий йўлдошлар иштирокида «ҳаво жанглари»ни синовдан ўтказмоқда

Америкалик мутахассисларнинг фикрича, Хитой космик технологиялар соҳасида АҚШ билан ўртасидаги тафовутни сезиларли даражада қисқартирган.

Сунъий интеллект чизган сурат

Хитой Ер атрофидаги орбитада ўзининг космосдаги имкониятларини кенгайтириш мақсадида сунъий йўлдошлар ўртасида «ҳаво жанглари» ўтказишни бошлади. Бу ҳақда АҚШ космик операциялар қўмондонлиги раҳбари ўринбосари генерал Майкл Гетлейн маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ХХР ва Россия космик технологиялар соҳасидаги технологик тафовутни қисқартирмоқда.

АҚШ Космик кучлари маълумотларига кўра, орбитада «бир-бирининг атрофида синхрон ҳаракатланган ва бошқарилган бешта объект» кузатилган. «Бу биз космосдаги ҳаво жанглари деб атайдиган нарса. Хитой орбитада бир нечта сунъий йўлдошларнинг ўзаро ҳамкорлиги асосида космик операцияларни амалга ошириш учун тактика, усуллар ва жараёнларни синовдан ўтказмоқда», — дейди Гетлейн.

Космик кучлар вакили айтаётган «ҳаво жанглари» ҳодисаси 2024 йилда паст Ер орбитасида Хитойнинг Shiyan-24 °C ва Shijian-6 055A/B экспериментал сунъий йўлдошлари иштирокида ўтказилган манёврлар серияси билан боғлиқ. CNN’нинг ёзишича, бундай технологиялар Хитойга сунъий йўлдошларни йўқ қилиш ёки уларни ишдан чиқариш имконини беради, бу эса алоқани ёки душман тараф қуролли кучларининг ракеталарни учириш ва аниқлаш билан боғлиқ операцияларига халақит қилиш имкониятини тақдим этади.

Гетлейннинг таъкидлашича, Хитой ва Россия «ғайриоддий» имкониятларни ривожлантирган. У бунга мисол сифатида сунъий йўлдош сигналларини бузиш учун радиоэлектрон тўсиқларни қўллаш, разведка сунъий йўлдошларига лазер билан зарар етказиш ва сунъий йўлдошларни ушлаб, уларнинг орбитасини ўзгартириш каби манёврларни келтирди. Генерал бу вазиятни «сўнгги йиллардаги ёки ҳатто бутун тарихдаги энг мураккаб стратегик вазият» деб атади. «Илгари биз билан энг яқин «ҳамкасбларимиз» ўртасида тафовут бор эди, бу, асосан, АҚШнинг технологик устунлиги билан боғлиқ эди... Аммо энди бу тафовут сезиларли даражада қисқарди», — дейди у.

Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг космосда хавфсизликни таъминлаш лойиҳаси директори ўринбосари Клейтон Своупнинг айтишича, бир сунъий йўлдошнинг бошқасига яқинлашиши тўр, снаряд ёки лазер каби энергетик қуролдан фойдаланиб, уни эгаллаб олиш мумкинлигини англатади Аммо бундай манёврлардан ёнилғи қуйиш ёки техник хизмат кўрсатишда ҳам фойдаланиш мумкин. Своупнинг қўшимча қилишича, Хитой «мураккаб манёврларни амалга ошириш қобилиятига эга сунъий йўлдошларни тобора кўпроқ учирмоқда».

Мавзуга оид