Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркияда ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган қиз Ўзбекистонга олиб келинди
Ҳозирда у Тошкент шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига вақтинча жойлаштирилган.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасига келиб тушган маълумотлар асосида хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган қиз ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасининг саъй-ҳаракатлари натижасида ўзбекистонлик қиз бугун, 15 апрел куни Тошкент халқаро аэропортида масъул ходимлар томонидан кутиб олинган.
Ҳозирда у Тошкент шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига вақтинча жойлаштирилган. Жойлаштиришнинг муқобил шакли белгилангунга қадар қизга ушбу марказда зарур ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.
Аввалроқ Россияда қаровсиз қолиб кетган 16 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилгани тўғрисида хабар берилганди. Ундан олдин эса Қозоғистондан ота-она қарамоғисиз қолган 10 нафар бола Тошкентга олиб келинган эди.