Жаҳон | 20:05 / 29.07.2025
4317
2 дақиқада ўқилади

Россия Запорижжядаги колонияга зарба берди

Запорижжя области раҳбари ахлоқ тузатиш колониясига авиазарба берилганини маълум қилди. Камида 17 киши ҳалок бўлган, 40 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Фото: Olexandr Pavlov / AFP / Scanpix / LETA

Россия қўшини Запорижжя областидаги ахлоқ тузатиш колониясига ҳужум уюштирди, деб хабар бермоқда ҳудуднинг Киев томонидан тайинланган губернатори Иван Федоров.

Унинг сўзларига кўра, 29 июлга ўтар кечаси Россия армия Запорижжя районини фугасли авиабомбалар билан ўққа тутган, жумладан, ахлоқ тузатиш колонияси ҳудуди нишонга олинган. Жазони ижро этиш муассасаси вайрон бўлган, атрофдаги хусусий уйлар ҳам шикастланган.

Украина давлат жиноят-ижроия хизмати маълумотларига кўра, Беленков колониясига тўртта авиация бомбаси ташланиши оқибатида маҳкумлардан 17 нафари ҳалок бўлган, яна 42 нафари яраланган.

«Кеча кун охирида, ярим тунда Россия авиацияси Запорижжя областидаги ахлоқ тузатиш колонияси ҳудудига бомбалар билан зарба берди. Бу онгли зарба эди, тасодифий эмас, мақсадли… Ва бу Қўшма Штатларнинг Россия бу урушни тугатиши ва дипломатияга ўтиши кераклиги ҳақидаги дунё томонидан қўллаб-қувватланган мутлақо аниқ позицияси эълон қилинганидан кейин амалга оширилди», – деди Украина президенти Володимир Зеленский.

Унинг қўшимча қилишича, ўтган бир кун ичида Украинада Россия авиазарбалари оқибатида жами 22 киши ҳалок бўлган, яна 85 киши яраланган.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак колонияга берилган зарбани «россияликларнинг навбатдаги ҳарбий жинояти» деб атади. «Алоҳида персонажлар тилидан АҚШга таҳдид қилаётган Путин режими иқтисодий ва ҳарбий зарбаларни бошдан кечириши керак, бу эса уни жанг қилиш имкониятидан маҳрум қилади», – деб ёзди Ермак.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид