Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда бу йил 374 км электр тармоғи, 11 та нимстанция ва 62 та трансформатор янгиланади
Шавкат Мирзиёев ҳузурида Тошкент шаҳрида энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ахборот берилди.
Қайд қилинишича, шаҳарда бир йил ичида 12 мингта янги қувват, савдо ва сервис мажмуалари ишга тушган. Буларнинг барчаси энергияга талабни оширади. Шуни ҳисобга олиб, охирги икки йилда Тошкентда электр таъминотини яхшилаш учун 2 триллион 800 миллиард сўм йўналтирилган. 36 та подстанция, 665 та трансформатор, 2 минг километрдан зиёд тармоқ янгиланган.
Таъкидланишича, 46 та нимстанция ва 207 та трансформатор ортиқча юклама билан ишлаяпти. Йил бошидан бери пойтахтда электр истеъмолчилари 40 мингтага кўпайган, талаб 6 фоиз ўсган. Шу билан бирга, илгари ёздаги жазирама кунлар давомийлиги бир ҳафтадан ошмаган бўлса, бу йил 20 кунгача чўзилган. Оқибатда июл ойида Тошкент шаҳрида истеъмол миқдори 900 миллион киловатт-соатдан ошган.
Тақдимотда энергетика вазири пойтахтдаги ҳар бир туман ва маҳаллалар кесимида режаларни баён қилди.
Унга кўра, бу йил биринчи босқичда 374 километр тармоқ, 11 та нимстанция, 62 та трансформаторни янгилаш кўзда тутилган. Келаси йил яна 788 километр тармоқ, 35 та нимстанция ва 145 та трансформатор модернизация қилинади.
Президент куз-қиш мавсумига оз фурсат қолганига эътибор қаратиб, бу йилги режани 1 ноябргача якунлаш зарурлигини таъкидлади.

2027 йилгача йирик корхоналар ва туризм масканларида 752 мегаваттли қуёш станцияси ҳамда 812 мегаваттли сақлаш қувватларини ташкил этиш режалаштирилган.
Мутасаддилар атом энергетикаси йўналишидаги ишлар ҳақида ҳам ахборот берди. Юртимизда кичик қувватли атом электр станцияси қуриш бўйича иш олиб борилмоқда. Бўлажак станциянинг ҳар бир босқичи – лойиҳалаштиришдан то битгунга қадар Халқаро атом энергияси агентлигининг қатъий назорати остида бўлади, энг илғор хавфсизлик талаблари татбиқ этилади.
Президент режадаги иншоотларни сифат ва муддатга амал қилган ҳолда ишга тушириб, барқарор энергия қувватларини яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Вазирлар Маҳкамасига энергия самарадорликни ошириш масаласини ҳар ҳафта муҳокама қилиб бориш топширилди.
Мавзуга оид
11:35 / 17.06.2026
Тошкент дунёнинг энг тез ўзгараётган шаҳарлари қаторига кирди
16:28 / 13.06.2026
Тошкентда йўл талашган ҳайдовчи иккинчи ҳайдовчига таёқ билан ҳужум қилди
20:06 / 10.06.2026
Президент ҳузурида Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ва режалари кўриб чиқилди
16:55 / 09.06.2026