Гўзалликнинг нархи: тарихда аёллар гўзал бўлиш учун қандай қурбонликлар қилган?
Гўзаллик учун қанчагача сарфлаш мумкин?
Бу савол инсоният тарихи давомида турли давр ва халқларда турлича жавоб топган. Айрим мезонлар нафақат қулайлик, балки соғликдан ҳам воз кечишни талаб қилган. Қуйида турли мамлакатлардаги ноодатий гўзаллик меъёрлари ва уларнинг оқибатлари ҳақида сўзлаймиз.
Европада ингичка бел “модаси”

XIX аср Европасида идеал бел жуда ингичка бўлиши шарт эди. Аёллар темир ёки суякдан ясалган кoрсетларни таналарига қаттиқ боғлаб, нафас олишни қийинлаштирган ва ички аъзолар жойлашувини ўзгартирган. Умуртқага умрбод зарар етказса ҳам, бу нафислик ва мавқе рамзи саналган.
Хитойда “лотус оёқ”
Юз йиллар давомида кичик оёқ гўзаллик ва олий табақа белгиси деб ҳисобланган. Қизалоқларнинг оёқлари 4-5 ёшдан қаттиқ мато билан боғланиб, суяк ўсиши тўхтатилган. Бу юришни қийинлаштирган ва умрбод оғриқ келтирган, аммо жамиятда юксак мақом рамзи бўлиб қолган.
Японияда қора тишлар

"Ohaguro" деб аталган модада аёллар тишларини темир ва сирка аралашмаси билан қорага бўяган. Бу гўзаллик ва садоқат белгиси сифатида қабул қилинган, аммо тиш эмалини емириб, оғиз соғлигига зарар етказган. Аммо бу ижтимоий мавқе саналиши аёлларни ушбу қийинчиликдан қайтаролмаган.


Африка ва Мянмада узун бўйин

Африканинг баъзи ҳудудларида ва Мянма билан чегарадош Каян халқи аёллари бўйнига йиллар давомида металл ҳалқалар қўшиб боришади. Бу суяк ва мушакларни чўзади, узун бўйин эса гўзаллик ва бойлик белгиси ҳисобланади. Аммо ҳалқалар олиб ташланганда мушаклар заифлиги сабабли бошни тик тутиш қийинлашади.


Эфиопияда лаб “тарелкаси”
Мурси ва Сурма қабилаларида аёллар пастки лабини тешдириб, каттароқ лойдан ёки ёғочдан ясалган тарелкалар тақишади. Лаб қанча катта бўлса, шунча ҳурмат ва обрў ҳисобланади. Бу оғриқли жараён лаб тўқимасида доимий деформация қолдиради.
Янги Гвинеяда чандиқ санъати

Папуа – Янги Гвинеянинг айрим ҳудудларида аёллар ва эркаклар танада махсус кесиш ва чандиқлаш орқали нақш ясашади. Бу гўзаллик ва куч рамзи саналади, аммо унга инфeкция тушиш хавфи жуда юқори бўлади.


Гўзаллик қурбонлик талаб қиладими?

Тарихда аёллар жамият қўйган меъёрларга етиш учун ўз соғликларини хавф остига қўйган. Ҳозирги замонда ҳам пластик операциялар, қаттиқ диеталар ва агрессив косметик воситалар орқали гўзалликка интилиш авжида. Савол: ҳақиқий гўзаллик шунга арзийдими?