Ўзбекистон | 20:40 / 20.08.2025
15596
3 дақиқада ўқилади

Мозори Шарифда Алишер Навоий ёдгорлиги буткул бузиб ташланди

Ҳайкалнинг ўзи 2023 йилда бузиб ташланган эди, энди эса аллома ҳақида маълумот битилган деворлар ҳам қулатилди. Воқеа “Толибон” ҳокимиятга келганининг 4 йиллигини нишонлаган куни рўй берди. Афғонистон томони расмий Тошкентнинг сўровига жавобан маълум қилишича, бузиш ишлари маҳаллий ҳокимият томонидан, ҳукумат ва жамоатчилик билан келишмасдан қилинган. Янги ёдгорлик қурилиши ваъда қилинмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Алишер Навоий ёдгорлигининг аллома ҳақидаги маълумотлар ёзилган девор қисми бузиб ташланди. Бу ҳақдаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Мажмуада бўлган Навоий ҳайкали 2023 йил феврал ойида қулатилган эди. Энди эса, “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганининг 4 йиллигини байрам қилган куни, ҳайкалнинг икки ёнида жойлашган, мутафаккир ҳақидаги маълумотлар битилган девор ҳам қулатилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, вазирлик ҳолат юзасидан расмий Кобулдан изоҳ сўраган. Афғонистон томони берган изоҳга кўра, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой “буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги”, шоир ва мутафаккир учун “янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги” боис маҳаллий ҳокимият томонидан “олиб ташланган”.

Икки босқичда йўқ қилинган ёдгорлик Алишер Навоий ҳайкали ва у ҳақда маълумотлар ёзилган деворлардан иборат эди. / Фото: Ижтимоий тармоқлар

Шу билан бирга, бу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани алоҳида таъкидланиб, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдирган.

“Афғонистон ҳукумати вакиллари нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон халқи учун мўътабар бўлган Алишер Навоий хотирасининг муносиб тарзда абадийлаштирилишини тасдиқлаб, буюк шоир ва мутафаккир шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берди. Жумладан, ҳудудни ободонлаштириш, шоир ҳаёти ва ижодий меросига оид маълумотларни ўз ичига олган ёзувларни тиклаш ҳамда амалдаги қарорларга мувофиқ янги ёдгорлик барпо этиш ҳамда у жойлашган майдонга буюк шоир Алишер Навоий номи қўйилиши режалаштирилганини маълум қилди.

Афғонистон томони бутун минтақа учун бирдек қадрли бўлган буюк мутафаккир хотирасини асраб-авайлаш борасидаги қатъий содиқлигини билдирган ҳолда, унинг номини муносиб эъзозлаш учун барча зарур чоралар кўрилишини таъкидлади”, – дейилади Ўзбекистон ТИВ ахборотида.

Ёдгорликнинг 2024 йилдаги ҳолати / Фото: Ижтимоий тармоқлар

Куни кеча Ўзбекистон Афғонистонда 243 млн долларлик энергетика лойиҳаларини амалга ошириши мумкинлиги хабар қилинганди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид