Жаҳон | 20:36 / 25.08.2025
3608
2 дақиқада ўқилади

Трамплар оиласи крипто бизнесига тобора чуқурроқ кириб бормоқда

АҚШ президентининг ўғли Эрик Трамп Японияга бориб, 2,1 млрд долларлик криптоактивлар тўплаган компания – Metaplanet акциядорлари йиғилишида қатнашмоқчи, дея хабар тарқатди Bloomberg. Аввалроқ Трамплар оиласи қўллаб-қувватлайдиган крипто компаниялардан бири Осиёда янги активлар сотиб олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Эрик Трамп / Фото: REUTERS / Eduardo Munoz / File Photo

Трамплар оиласи криптовалюталар бозорига чуқурроқ кириб боришда давом этмоқда. Хусусан, АҚШ президентининг ўғли Эрик Трамп 1 сентябр куни Токиода ўтказиладиган Metaplanet акциядорлари йиғилишида бевосита қатнашиши кутилмоқда, дея хабар беради Bloomberg.

Metaplanet – дастлаб меҳмонхона оператори бўлган, лекин ўтган йилдан бошлаб фаолиятини Bitcoin жамғаришга йўналтирган. Компания шу вақтга қадар 2,1 миллиард доллардан ортиқ криптовалюта тўплаган. Март ойида эса Эрик Трампни стратегик маслаҳатчи сифатида тайинлаган.

Bloomberg хабаридан кейин Metaplanet акциялари Токио биржасида 2,1 фоизгача кўтарилди. Компания қимматли қоғозлари сўнгги 12 ойда 800 фоизга ошган бўлса-да, июнда энг юқори даражадан икки баробардан кўпроққа тушиб кетганди. Акциядорлар йиғилишида янги капитал жалб қилиш йўллари муҳокама қилинади.

Эрик Трамп август охирида Ҳонконгда бўлиб ўтадиган Bitcoin Asia конференциясида ҳам иштирок этади.

Аввалроқ Лас-Вегасда жойлашган, унча номи чиқмаган бир компания Трамплар оиласига тегишли World Liberty Financial токенларига 1,5 млрд доллар тикишини эълон қилганди. Шунингдек, Truth Social ижтимоий тармоғининг эгаси – Trump Media & Technology Group корпорацияси Bitcoin сотиб олиш учун йил бошида 2 млрд доллардан ортиқ маблағ жалб қилганди.

Financial Times'га кўра, Трамплар оиласи томонидан қўллаб-қувватланаётган American Bitcoin компанияси Осиёда янги активлар сотиб олиш имкониятларини ҳам ўрганмоқда. Компания Японияда ёки Ҳонконгда рўйхатдан ўтган бирор компанияни харид қилиш эҳтимоли ҳам мавжуд.

Японияда крипто бозорига қизиқиш ортиб боряпти. Август ойида мамлакат молия регулятори иена асосидаги илк stablecoin чиқарилишига рухсат берди. 25–26 август кунлари Токиода ўтказиладиган WebX2025 рақамли активлар форумида молия вазири Катсунобу Като ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид