Ўзбекистон | 20:35 / 08.09.2025
6875
2 дақиқада ўқилади

Автомобиллар учун экостикерлар жорий этиш яна кечиктирилди

Ташланмаларнинг зарарлик даражасига қараб автомобилга яшил, сариқ ёки қизил стикер берилишининг жорий этилиши 2026 йил 1 январ қилиб белгиланди.

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Ҳукумат қарори (.pdf) билан автомобиллардан атмосферага чиқаётган ифлослантирувчи моддалар ташламаларини қисқартириш бўйича «Экологик транспорт» тизимини жорий этиш муддати яна ўзгартирди. Янги муддат 2026 йил 1 январ қилиб белгиланди.

Қайд қилинишича, «Экологик транспорт» тизими:

- биринчи босқичда (2025 — 2027 йилларда) — Тошкент шаҳрида;

- иккинчи босқичда (2028 — 2030 йилларда) — Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда, заруратга кўра, алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари ва бошқалар);

- учинчи босқичда (2031 — 2034 йилларда) — бошқа барча ҳудудларда ишга туширилиши режалаштирилган.

Қарорда белгиланишича, автотранспортнинг экологик меъёрларга мувофиқлигини баҳолаш учун ишлаб чиқарувчининг экологик синф («Евро») ҳақидаги маълумотлари қўлланилади.

Экологик синфга мансублигини аниқлаш имкони бўлмаган транспорт воситаларининг нормативларга мослиги Ички ишлар вазирлигининг «Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан диагностика текширувидан ўтказилади ва аниқланади.

Ташланмаларнинг зарарлик даражасига қараб автомобилга яшил, сариқ ёки қизил стикер берилади.

Дастлаб экостикерларни жорий этишни 2024 йил 1 июнидан бошлаш режалаштирилган, бироқ кейинроқ ҳукумат бу жараённи 2025 йил 1 мартга кўчирган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид