Жамият | 20:27 / 08.09.2025
30669
3 дақиқада ўқилади

Мубашшир Аҳмад иши бўйича иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди

Тошкентда Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсуновга нисбатан кўрилаётган жиноят ишининг иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Очиқ суд мажлисида – иш материалларига сиёсий ва диншунослик экспертизаси хулосаларини берган 2 нафар эксперт кўрсатма берди.

Суддан сўнг яқинлари билан хайрлашаётган Мубашшир Аҳмад / Фото: Kun.uz

8 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида ўтказилган мажлис 2 соатдан кўпроқ давом этди. Очиқ суд мажлисида ўнлаб фуқаролар ҳам иштирок этди. Бу ҳақда суд мажлисида бевосита қатнашган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Иш – судя Бобур Раҳимов раислигида, қораловчи – Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев, шунингдек Абдуллоҳ Содиқ бошчилигидаги адвокатлар иштирокида кўриб чиқилмоқда.

Иккинчи суд мажлисида Алишер Турсунов томонидан ижтимоий тармоқларида эълон қилинган материалларига тергов органининг сўровига кўра хулоса берган экспертлар қатнашди. Хусусан, "Ренессанс" университетининг сиёсатшунослик фанлари бўйича профессори Одил Мусаев материаллар бўйича сиёсий хулосалар берган. Дин ишлари бўйича қўмита Диншунослик экспертизаси бўлими мутахассиси Шаҳбоз Низомов эса материалларни диний нуқтайи назардан баҳолаган.

Экспертлар ва адвокатлар жамоасининг суд тортишувидан сўнг, иккинчи мажлис якунланди ва суд 15 сентябрга қадар танаффус эълон қилди.

Биринчи суд қандай бўлганди?

Алишер Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айблов қўйилган:

  • 244-3-модда: Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш;
  • 244-1-модда: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш;
  • 156-модда: Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш.

19 август куни бўлиб ўтган суд мажлисида Мубашшир Аҳмад диний материалларни Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсатисиз тарқатганини тасдиқлаган ва буни Ўзбекистон ҳудудида бўлмагани билан изоҳлаганди. У қолган иккита модда бўйича айбловни ҳам тан олмаслигини билдирди.

Судя прокурорнинг илтимосига асосан мажлисни аудио ва фото-видеоларни ёзиб олиш тақиқлаган. Лекин суд жараёни очиқ ўтади – унда ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиши мумкин.

Маълумот учун, 51 ёшли Алишер Турсунов ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фаол. Диний уламо Ўзбекистонда бир неча йил фаолият юритган Azon.uz ва Azon TV каби маърифий лойиҳалар ҳамда бир нечта диний китоблар муаллифи ҳисобланади.

У бир неча йилдан буён Туркияда истиқомат қилаётган эди. Жорий йил 8 май куни Истанбулда қўлга олиниб, 10 май куни Ўзбекистонга депортация қилинган эди.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид