Спорт | 22:31 / 08.09.2025
21295
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Эронни мағлуб этиб, CAFA-2025 кубогини қўлга киритди

Ўзбекистон миллий жамоаси қарийб бутун ўйин давомида рақибдан бир футболчи кўп бўлиб ўйнади, аммо ғалаба голини сўнгги дақиқада урди. Кескин курашларга бой ўйинда мухлислар қизил карта ва амалга оширилмаган пенальтини ҳам кўрди. Ўзбекистон Эронга қарши ғалабасиз ўйинлардан иборат 13 йиллик нохуш анъанани бузди.

CAFA Nations Cup-2025. Финал
8 сентябр. Тошкент
Ўзбекистон – Эрон 1:0
Гол: Алижонов 119.
Ўзбекистон: Ўткир Юсупов (Владимир Назаров 54), Ҳожиакбар Алижонов, Муҳаммадқодир Ҳамралиев, Отабек Шукуров (Акмал Мозговой 80), Одил Ҳамробеков (Жамшид Искандеров 80), Элдор Шомуродов, Азиз Турғунбоев (Игор Сергеев 46), Аббос Файзуллаев, Ҳусниддин Алиқулов, Дилшод Комилов (Алибек Давронов 101), Руслан Жиянов (Остон Ўрунов 46).

Тошкентда CAFA Nations Cup-2025 турнири якунланди. 8 сентябр куни финалда Ўзбекистон ва Эрон миллий жамоалари тўқнаш келди.

Ўйин Эрон миллий жамоаси учун муввафақиятсиз бошланди. 5-дақиқадаёқ ҳимоячи Ориё Юсуфий рақиби Аббос Файзуллаевга қарши қўпол ўйнагани туфайли қизил картага лойиқ кўрилиб, майдондан четлатилди.

Бироқ, деярли бутун ўйин давомида бир футболчи кўп бўлиб ўйнаган мезбонлар бу имкониятдан фойдаланишда муаммоларга дуч келди. Эрон тартибли ҳимояланиб, хавфли қарши ҳужумларни уюштириб турди. Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумлари ҳам баъзида хавфли бўлди, аммо якуний зарбаларга аниқлик етмади.

Асосий вақт голсиз якунлангач, қўшимча таймлар белгиланди. Унинг 15-дақиқасида Элдор Шомуродов пеналтини аниқ амалга оширолмади. Унинг кучли зарбаси дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.

Ўйин пеналтилар сериясига яқинлашаётган бир пайтда Ўзбекистон ғалаба голини уришга эришди. 120-дақиқада қанотдан жарима майдонига етказилган тўпни Ҳожиакбар Алижонов боши билан рақиб дарвозасига йўллади.

Эрон сўнгги сонияларда ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Аммо Маҳдий Торимий қулай вазиятдан фойдалана олмади.

Шу тариқа, Ўзбекистон иккинчи CAFA Nations Cup-2025 турнири ғолиби бўлди. Биринчи турнир 2023 йилда ўтказилган ва Ўзбекистон финалда айнан Эронга 0:1 ҳисобида ютқазган эди.

Учинчи ўрин учун баҳс Тожикистоннинг Ҳисор шаҳрида Ҳиндистон ва Ўмон ўртасида ўтказилди. Ўйиннинг асосий ва қўшимча вақтлари 1:1 ҳисобида якунланди. Пеналтилар серияда Ҳиндистон ғолиб чиқди – 3:2.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон учун Эрон «тиш ўтмас» рақиблардан бири ҳисобланади. Бунгача миллий жамоалар 16 марта бир-бирига тўқнаш келган ва Эрон 10 марта ғалаба қозониб, 5 ўйин дуранг билан якунланган. Ўзбекистоннинг ягона ғалабаси 2012 йилда, Теҳронда 1:0 ҳисобида қўлга киритилган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид