Ўзбекистон | 20:58 / 10.09.2025
5745
2 дақиқада ўқилади

Янги Тошкент ҳудудида «Петербург мавзеси» барпо этилади

Шавкат Мирзиёев Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов бошчилигидаги делегация билан ушбу ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 сентябр куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон – Россия ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада кенгайтириш, энг аввало, Санкт-Петербург шаҳри билан иқтисодий кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсаётгани мамнуният билан қайд этилди – ўтган йил якунларига кўра ҳудудлар даражасидаги экспорт-импорт ҳажми 20 фоизга ошди. Пойтахтда Ишбилармонлик маркази фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, Янги Тошкент ҳудудида «Петербург мавзеси»ни барпо этиш лойиҳасини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Россия делегациясининг бу галги ташрифи чоғида металлургия, ускунасозлик, йўл қурилиши, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика ҳамда бошқа соҳаларда 23 та кооперация лойиҳасини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинди.

Хусусий тиббиёт, таълим, коммунал хўжалик, рақамли технологиялар, миграция ва туризм соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар қўллаб-қувватланди.

Фаол гуманитар алоқаларни давом эттириш ва қўшма маданий тадбирларни мунтазам ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йил октябр ойида икки мамлакат ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилишини самарали ўтказишга қаратилган чора-тадбирларни кўришга келишилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид