Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Шарманда бўлдим” – Тошкентда автобусда қизларга шилқимлик қилган эркак 5 суткага қамалди
54 ёшли эркак автобусда шаҳвоний шилқимлик қилиб, йўловчи қизларнинг орқа қисмига қўл чўзган. Унинг бу ҳаракатини бошқа бир йўловчи тасвирга туширган.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида автобусда эркакнинг қизларга шаҳвоний шилқимлик қилгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Пойтахт ИИББ ахборот хизмати ушбу ҳаракатни амалга оширган эркак ушланганини маълум қилди.
Kun.uz танишган суд қарорида келтирилишича, ҳолат 2025 йил 11 сентябр куни содир бўлган. 1971 йилда туғилган Ф.С. “Халқлар дўстлиги-Сирғали” йўналишида бўйича ҳаракатланаётган 11-сонли автобусда йўловчи сифатида кетаётган қизларнинг орқасига қўллари билан тегиниб, уларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган. 17 сентябр куни ҳолат юзасидан Чилонзор туман ИИОФМБ ҲПХ профилактика инспектори томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган.
Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати эълон қилган лавҳада эркак бу иши билан шарманда бўлганини айтган.
“Дружба томонда ёнимга бир қиз чиқди. Ўзимни ушлолмай, нафсимни тиёлмасдан орқа томонига қўлим кетиб қолди. Шунақа иш қилиб қўйдим. Шарманда бўлдим. Узр сўрайман”, деган у.
Эркак қилган қилмишидан пушаймон эканини, бошқа бунақа ҳолат қайтарилмаслигини билдирган.
ЖИБ Чилонзор туман судининг 2025 йил 17 сентябрдаги қарори билан Ф.С. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган (шаҳвоний шилқимлик) ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилди. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Аввалроқ Марғилон шаҳрида 17 ёшли қизга маҳалла биносида шилқимлик қилган 48 ёшли маҳалла раиси 4 суткага қамалганди.
Мавзуга оид
08:41
Тошкентда 115-сонли автобус йўналиши янгиланди
09:34 / 04.12.2025
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
18:21 / 03.12.2025
Тошкентда тирбандликни камайтириш мақсадида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази очилади
11:34 / 03.12.2025