Иқтисодиёт | 19:36 / 20.09.2025
2785
2 дақиқада ўқилади

Ислом тараққиёт банки вакиллари билан Ўзбекистонда ислом молиясини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти доктор Муҳаммад Ал-Жассер ҳамда иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Музокаралар давомида томонлар икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар самарадорлигини ошириш, истиқболдаги режалар ва янги ташаббусларни муҳокама қилдилар.

Хусусан, қуйидаги йўналишлардаги муҳим лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди:

· қишлоқ хўжалигида ирригация тизимини модернизация қилиш ва ривожлантириш;

· қишлоқ инфратузилмасини такомиллаштириш орқали аҳолига ва тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш;

· корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини ошириш учун Ислом шариати асосида лойиҳаларни молиялаштириш;

· чорвачилик соҳасида янги лойиҳаларни давлат кафолатисиз тижорат банклари билан амалга ошириш;

· хусусий сектор ва молиявий бозорларни ривожлантириш;

· давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида ҳамкорликни кучайтириш;

·  Ўзбекистонда ислом молиясини ривожлантириш, ушбу йўналишда маслаҳат ва техник кўмакни кенгайтириш.

Учрашувда, ислом молияси йўналишидаги ҳамкорлик масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ислом молияси дунёда адолатли ва барқарор молиявий тизим сифатида эътироф этилган бўлиб, унинг асосий тамойиллари – молиявий битимларда ошкоралик, хавф-хатарларни адолатли тақсимлаш, реал активларга асосланиш ва фоизсиз молиялаштириш механизмлари – аҳоли ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун ишончли восита сифатида хизмат қилиши таъкидланди.

Ислом тараққиёт банки экспертлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ислом молияси бозорини шакллантиришни тезлаштириш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек аҳоли ва тадбиркорларга янги турдаги молиявий хизматларни тақдим этиш муҳимлиги қайд этилди.  

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид