Иқтисодиёт | 20:35 / 27.09.2025
12963
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда дўконлар ва дорихоналар пешлавҳалари учун “солиқ” солинмоқда

Пойтахт ҳокимлиги дўкон ва дорихоналар номлари ёзилган пешлавҳаларни “ноқонуний ўрнатилган ташқи реклама” деб ҳисоблаб, уларни демонтаж қилишни талаб қиляпти. Тадбиркорларнинг Kun.uz'га айтишича, бу талаб “мини маркет”, “дорихона”, “гўшт дўкони” каби бренд номини кўрсатмайдиган пешлавҳаларга ҳам қўлланмоқда. Бизнес-омбудсманга кўра, бу талаб қонуний, лекин адолатсиз.

Фото: Kun.uz

Тошкентдаги дўконлар ва дорихоналарга шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти огоҳлантириш хатларини юбора бошлади.

Департамент дўконнинг номи ёзилган пешлавҳаларни ташқи реклама деб баҳолаяпти. Бу – Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил февралдаги 104-сонли қарорида назарда тутилган. Унга кўра, ахборот берувчи пешлавҳалар юзаси 1 квадрат метрдан ортиқ бўлиши керак эмас. Акс ҳолда, улар ташқи реклама деб баҳоланади ва белгиланган тартибда реклама жойининг паспорти расмийлаштирилиб, тўлов қилиниши лозим.

Kun.uz'га мурожаат қилган тадбиркорлардан бирининг айтишича, ҳокимият департаментининг 23 сентябр кунги хатида “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига таянган ҳолда, паспортсиз ўрнатилган ташқи реклама ва ахборот объектлари ваколатли орган қарорига мувофиқ демонтаж қилиниши кўрсатилган.

Шунингдек, идора Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 августдаги 428-сон қарорини ҳам эслатган. Унда хусусийлаштирилган, ижарага берилган ёки нодавлат ташкилотларга тегишли бўлмаган ер участкалари, шунингдек, хусусий мулк бўлган биноларда ташқи реклама объектларини жойлаштириш учун реклама жойи паспорти Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштирилиши лозимлиги белгиланган.

“Бино кириш қисмида реклама (дўкон номи назарда тутилмоқда – таҳр.) сабабли фаолиятингизни тўхтатиб, ташқи реклама объектларини 3 кун ичида демонтаж қилишингиз ва амалга оширилган ишлар ҳақида расмий ахборот тақдим этишингиз сўралади”, – дейилади хатда.

Тадбиркорларнинг Kun.uz'га айтишича, бу талаб “мини маркет”, “дорихона”, “гўшт дўкони” каби бренд номини кўрсатмайдиган пешлавҳаларга ҳам қўлланяпти.

“Sevaras” кийим дўкони асосчиси Севара Салимова Instagram'даги саҳифасида у билан ҳам худди шундай ҳолат кузатилганини айтган.

Ҳокимиятдан 2 киши келиб, огоҳлантириб кетди. Мана бу Sevaras ёзувини ташқи реклама деб баҳолаб, пул тўлашимиз кераклигини айтишди. Яъни мен логотипим, номимни қўйганим учун ҳар бир квадрат метрга давлатга пул тўлашим керак. “Минималка” 1 квадрат метр экан, ундан ошганига 60 минг сўмдан ҳар ой тўлов қилишим керак экан.

Тушунмаяпман, ЯТТ номининг шунчаки қисқартирилган номи бу, дўкон тепасига қўйган ном учун пул тўлашим керакми? Мен ташқи реклама нималигини яхши тушунаман, мана бу ерда монитор турибди, шу кабиларни реклама деб баҳолаш мумкин. [Номимни] кичкина қилиб, ҳеч кимга кўринмайдиган қилиб қўйишим керакми? Мен фаолият юритаётганим учун давлатга солиқ тўлайман. Аллақачон номни олиб ташлашяпти, 3 кун ичида олиб ташламасак, 30 млн сўм жарима қўллашар экан”, – дейди Севара Салимова.

Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш учун Бизнес-омбудсман, Рақобат қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига сўров юборди.

Бизнес-омбудсман: “Қонуний, аммо адолатсиз”

Бизнес-омбудсманнинг маълум қилишича, Дорихоналар ассоциацияси раисидан дорихона пешлавҳалари реклама сифатида баҳоланаётгани ҳақидаги норозилик мурожаати келиб тушган. Мурожаатда “дорихона” ёзуви оддий ахборот берувчи пешлавҳа экани, ҳеч қандай бренд ёки маҳсулот тарғиб қилинмаётгани таъкидланган.

Бизнес-омбудсман Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъулларини вакил девонига чақиртирган.

Бизнес-омбудсман расмийси Жамшид Ҳасановнинг Kun.uz'га айтишича, ҳокимликнинг талаби қонуний, аммо адолатсиз.

“Дорихона ёзуви 1 квадрат метрдан катта бўлса, реклама сифатида талқин қилинмоқда, лекин дорихона сўзи бренд ёки товар номи эмас. Талаб қонуний, аммо адолатли эмас. Бу ҳукуматнинг 104-сонли қарорида назарда тутилган. Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қарорга ўзгартириш киритиш масаласини кўряпти”, – дейди у.

Рақобат қўмитаси нима дейди?

Рақобат қўмитаси Kun.uz'га берган жавобида “Реклама тўғрисида”ги қонун реклама тусига эга бўлмаган пешлавҳаларга татбиқ этилмаслигини билдирди. Аммо ҳукумат қарорига мувофиқ, умумий майдони 1 квадрат метрдан катта бўлган ёзувлар ташқи реклама сифатида тан олиниши белгиланганини эслатди.

“Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ташқи реклама бўйича ваколатли орган ҳисобланади. Тошкентда бу масала ҳокимлик ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти томонидан кўрилади”, – дейилади қўмита берган изоҳда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимова эса сўровга душанба куни жавоб берилишини маълум қилди.

Мадина Очилова,
Kun.uz

Мавзуга оид