Ўзбекистон | 20:58 / 08.10.2025
3606
2 дақиқада ўқилади

Президент электротехника саноатини ривожлантириш бўйича тақдимот билан танишди

Тақдимотда анъанавий турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан бирга юқори технологик турларини ўзлаштириш, жумладан, электроника ва яримўтказгичлар соҳасига кириб бориш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 октябр куни электротехника саноатини янада ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тақдимот билан танишди.

Тақдимотда чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш, бу борада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, мисни харид қилишда чегирма тақдим этиш, кредит фоизларининг 5 фоиздан юқори қисмини давлат томонидан қоплаш, солиқ ва божхона тўловлари бўйича енгилликлар бериш режалаштирилган.

Тармоқда анъанавий турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан бирга юқори технологик турларини ўзлаштириш, жумладан, электроника ва яримўтказгичлар соҳасига кириб бориш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Янги лойиҳалар ҳисобига келгуси йилларда юртимизда мис ишлаб чиқариш ҳажми 250 минг тоннага, 2030 йилга бориб эса 500 минг тоннага етиши кутилмоқда. Мутасаддилар ушбу хомашё базасидан фойдаланиб, унинг негизида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар тўғрисида ахборот берди. Серверлар, саноат электроникаси, кондиционерлар, қуёш панеллари, назорат-ўлчов ва автоматика воситалари, смарт-карталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш шулар жумласидан. Умуман, бу йўналишда 2,1 миллиард долларлик 157 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, улар орқали 14,5 минг янги иш ўрни яратилади.

Тақдимотда ҳудудлардаги электротехника технопаркларининг фаолияти ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон стандартлар институти Халқаро электротехника комиссияси баҳолаш схемасига аъзо орган сифатида қабул қилинди. Бу мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сертификатларининг 53 давлатда тан олинишини таъминлайди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги европалик ҳамкорлар билан мувофиқликни баҳолаш тизимини йўлга қўймоқда. Бу орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Евроиттифоқ талабларига мосликни тасдиқловчи “CE” белгиси берилади. Бу эса Европага экспорт ҳажмини камида икки баробар ошириш имконини яратади.

Давлат раҳбари режалаштирилган чора-тадбирлар ва лойиҳалар ижросини жадаллаштириш, экспортнинг ўсиш суръатларини сақлаб қолиб, янги бозорларга чиқиш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид