Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энергетика вазири – қишга тайёргарлик ва газсиз аҳолига чегирма бериш ҳақида
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов матбуот анжумани ўтказиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳақида маълумот берди. Унинг Kun.uz мухбири саволига жавобан айтишича, газлаштирилмаган ҳудудларга электр энергияси тўловидан чегирма бериш масаласи ҳамон кўриб чиқилмоқда. Йил якунигача ҳукуматга таклиф киритамиз, дейди вазир.
28 октябр куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов куз-қиш мавсумига тайёргарлик мавзусида матбуот анжумани ўтказди.
Электр энергияси
Мирзамаҳмудовнинг айтишича, Ўзбекистонда 1991 йилдан 2016 йилгача 3,5 GW қувват ишга туширилган бўлса, сўнгги 8 йилда бу 15 GW'га етган.
“Ёзда ҳам электр энергияга талаб кескин ошди. Тиғиз вақтида 13 300 мегаваттгача етди. Кунига 270-275 миллион kWh истеъмол ҳисобига, тармоқларда авариялар бўлди. Бу нафақат қишга, балки ёзга ҳам тайёрланиб боришимиз зарурлигини кўрсатяпти. Ўтган йили умумий электр энергия истеъмоли, ишлаб чиқариш 81,5 млрд kWh бўлган бўлса, бу йил якуни билан 85,5 мрлд kWh'га етказишни режалаштирганмиз.
Электр энергия етказиб бериш билан бирга, иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади. Президентимизнинг тегишли қарорларига кўра, ижтимоий ҳимоя ягона реестри, камбағал оилалар реестрига киритилган ва маҳалла еттилиги томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхат асосида эҳтиёжманд оилаларга ноябр ойида иситиш мавсумига қўшимча компенсация қилиш мақсадида 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади”, – дейди Мирзамаҳмудов.
Унинг таъкидлашича, республикада жорий йилги куз-қиш мавсумида 47 миллиард kWh электр энергияси истеъмол қилиниши кутилмоқда. Яъни кунлик ўртача 257 миллион kWh. Бу – ўтган йилга нисбатан 20 млн kWh'га кўп. Вазирга кўра, генерация объектлари ҳисобига ички истеъмол тўлиқ қопланади.
Мирзамаҳмудовнинг қайд этишича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида узунлиги 7455 км бўлган узатиш тармоқлари, 1748 та трансформатор пункти янгиланган, 954 та маҳаллада электр таъминоти яхшиланган. Бундан ташқари 553,1 минг километр узунликда юқори ва ўрта босимли газ тармоқлари, 971 та газ тақсимлаш пунктлари янгиланган.
“Оғриқли нуқталаримиз бор, буни биламиз. Миллий электр тармоқларда, ҳудудий электр тармоқларда, 900 дан ортиқ маҳаллада қилинган ишларни айтдим, лекин ҳали 35 фоиз тақсимлаш тармоқларимиз 40 йилдан ортиқ ишлатилган. Масалан, ўша ҳудудда аҳолимизнинг ҳаёт фаровонлиги ўсяпти. Олдин маҳаллада иккита кондиционер бўлган бўлса, ҳозир ҳамма маҳалладаги барча уйда кондиционер бор. Ҳамманинг уйида электроприборлар бор, ҳамма нарса бор. Яъни электр энергия истеъмоли ошяпти, лекин уларга тортилган симлар, ўрнатилган трансформаторлар қуввати у қувватга мўлжалланмаган.
Бу бўйича ҳам тўлиқ инвентаризация қилинган. Ўша “қизил”, “сариқ” деб бекорга айтмадим. Биринчи ўринда ҳозир “қизил” ҳудудлардаги масалаларни кейинги йилнинг ёзигача бартараф этиш учун “Миллий электр тармоқлари”да 800 миллиард сўмлик кредит олинди. Энди бу тўхтовсиз бўладиган жараён. Сабаби аҳоли сони ошиб боряпти, истеъмолчиларимиз ошяпти. Лекин шуни кафолатли айта оламанки, электр энергия ишлаб чиқариш жиҳатдан бизда масала йўқ. Фақатгина тармоқларимизда ишни давом эттиришимиз керак, жадаллаштиришимиз керак”, – дейди вазир.
Метан-шохобчалар
Матбуот анжуманида автомобилларга метан қуйиш шохобчаларига чеклов киритилиши ёки йўқлиги ҳақида ҳам савол берилди.
“Заправкаларга чеклов киритишдан умуман бизга манфаат йўқ. Сабаби, ҳозирги кунда биз истеъмолчиларнинг рўйхатини олсак, энг бизга манфаатдор, иқтисодиётга самара берадиган бу – заправка. 2500 сўмдан етказиб берилаётган газни сотамиз. Бизнинг энг яхши клиентларимиз улар. Фақатгина тўғри тушуниш керак, агар ҳаво ҳарорати -20 даража бўлиб қолса, ҳудудлар билан келишган ҳолда график қиламиз.
Бизда ўн кунлик, бир ҳафталик, уч кунлик об-ҳаво таҳлил қилиб борилади. Шунинг учун бу йилдан бутун ҳудудлар бўйича билдиришнома тизими бўлади. Мабодо бирор ерда қандайдир чеклов киритиладиган бўлса, биз уни билдирамиз. Водийда эса газ заправкаларига сиқилган газни етказиб берадиган кўчма мосламалар олиб келиняпти. Мана, бу йил шуни синовдан ўтказамиз”, – дейди Мирзамаҳмудов.
Газлашмаган ҳудудлар
Kun.uz мухбири газлаштирилмаган ҳудудларда яшовчи аҳолига қиш мавсумида электр энергияси тўловидан имтиёз бериш қачон жорий этилиши ҳақида сўради.
“Ҳақиқатда бизда режалар бор, буни тақдимот қилганмиз. Фақатгина озгина вақт талаб қиляпти. Сабаби, боя савол бўлди, ҳудудларда тармоқларни, подстанцияларни янгилаяпмиз. Агарда ўша ҳудудда электр таъминоти тўлиқ иситишга ўтказиладиган бўлса, демак у ерга биз бир томондан ютамиз. Суюлтирилган газ имтиёзли нархда берилмайди, субсидия миқдори сал камаяди. Пилот тариқасида танланган ҳудудларда тармоқ харажатларини ҳисоб-китоб қиляпмиз. Боиси, тармоққа яна икки-уч баробар кўп харажат кетяпти. Шунинг учун биз ҳозир буни тегишли вазирлик, идоралар билан таҳлилини қиляпмиз. Мен ўйлайман, йил якунигача якунлаб, ҳукуматга таклиф киритамиз”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Кўмир, бензин ва дизел
Энергетика вазири аҳолини кўмир ва нефт маҳсулотлари билан таъминлаш ҳақида ҳам тўхталди.
“Ҳозирги кунда кўмир тарқатиш муаммоли деб чиқаришди. Бу нарсани тўғри тушунишингизни хоҳлардик, режа асосида ҳамма ерга етказиб, тўғри тақсимланяпти; фақатгина айрим ҳудудларда ўша ишни тўғри ташкил қилмасдан, ажиотаж қилган ҳолатлар аниқланди. У ерга бостириб, ўзича кирган фуқаролар текинга, бепул кўмир олиш, ўғрилаш мақсади бўлган. 10 млн тонна маҳаллий кўмир ишлаб чиқариб етказиб берилади, 2 млн тонна импортдан – ҳаммасининг таги бор.
Энди нефт маҳсулотларига тўхталадиган бўлсак, куз-қиш даврида 995 минг тонна автобензин етказиб бериш режалаштирилган. Бу – ишлаб чиқариш ва импортдан. Яна буларга қўшимча равишда эҳтиёж ошадиган вақтида, ҳозирги куннинг ўзида 65 минг тонна автобензин захираси яратиб қўйилган.
Бизнинг ҳисоб-китобларга асосан, 766 минг тонна дизел ёқилғисини етказиб бериш кутилмоқда. Бу бўйича умуман муаммо йўқ. Мана, хабарингиз бор, ҳозирги кунда GTL заводимиз тўлиқ 100 фоиз қувватда ишлаётгани сабабли дизел бўйича тўлиқ эҳтиёжимизни қоплаяпмиз”, – дейди вазир.
Унинг қўшимча қилишича, аҳолига йил якунига қадар 142,4 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилади.
Мавзуга оид
19:51 / 04.12.2025
Энергетика вазирлиги яратгани иддао қилинган мобил илова хусусий тадбиркорга тегишли бўлиб чиқди
21:10 / 29.11.2025
Аҳолидан солиқ қарзини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизимидан фойдаланилади
13:38 / 26.11.2025
Тошкент ва унинг атрофидаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш йўлга қўйилди
16:23 / 24.11.2025