Жамият | 20:15 / 05.11.2025
31293
5 дақиқада ўқилади

Навоийда 3 кишини юк машинасида қасддан босиб ўлдирган шахс умрбод озодликдан маҳрум қилинди

41 ёшли эркак ушбу қотилликни МИБ ходимлари кўз ўнгида содир қилган. У собиқ турмуш ўртоғи, кекса ёшдаги қайнона ва қайнотасини ўзининг бошқарувидаги HOWO юк машинасида қасддан босиб ўлдирган. Жанжалнинг сабаби эркакни собиқ қайнотасига тегишли далаҳовлидан мажбурий тартибда чиқариш билан боғлиқ бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Навоий вилоятининг Томди туманида даҳшатли қотиллик жинояти содир этилди. Бу ишга қўл урган эркак суд ҳукми билан умрбод озодликдан маҳрум қилинди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 41 ёшли Салим Рустамов Томди туманидаги фермер хўжаликлардан бирида ҳайдовчи бўлиб ишлаган. У ўзига бириктирилган HOWO юк машинасида чорва моллари учун сув ташиган.

Салим Рустамов 2008 йилда Гулмира Эргашева билан турмуш қурган. Оила аввалига Зарафшон шаҳрида, сўнгра Томди туманининг Шарқ овулидаги далаҳовлида яшаб келишган. Ушбу далаҳовли Гулмира Эргашевага тегишли бўлган.

2021 йил апрел ойида Салим Рустамов ва Гулмира Эргашева қонуний тартибда ажрашган. Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг 2024 йил 20 декабрдаги қарори билан Салим Рустамовни далаҳовлидан мажбурий тартибда чиқариш белгиланган. Сўнгра ҳолат бўйича МИБ Зарафшон шаҳар бўлими томонидан ижро иши қўзғатилган.

2025 йил 17 март куни МИБ ходимлари мажбурий чиқаришни амалга ошириш мақсадида далаҳовлига боришган. Воқеа жойида Гулмира Эргашева, унинг отаси ва онаси ҳам бўлган. Шу вақтда Салим Рустамов юк машинасини бошқариб келиб, аввалига собиқ турмуш ўртоғини, сўнгра қайнонаси ва қайнотасини қасддан босиб ўтган.

МИБ ходими суддаги ҳолат бўйича шундай кўрсатма берган:

“Салим Рустамовнинг собиқ турмуш ўртоғи, собиқ қайнона ва қайнотаси ҳовли дарвозаси қулф бўлгани сабабли ташқарида кутиб туришганди. Мен ҳам ёрдамчи ташкилотлардан масъул ҳодимлар келишини кутаётгандим. Бироздан сўнг ҳовли ёнига Зарафшон шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими, тиббиёт бирлашмаси, миллий гвардия ходимлари етиб келишди.

Салим Рустамовга бир неча маротаба қўнғироқ қилдим, аммо у жавоб бермади. Унинг ўзи иштирок этмагани сабабли икки холис иштирокида ижро ҳаракатини кейинга қолдириш бўйича далолатнома расмийлаштирмоқчи бўлдим. Шу вақтда шаҳар томондан оқ рангли катта юк машинаси ҳаракатланиб кела бошлади.

Юк машинасида ҳаракатланиб келган Салим Рустамов бизгача тахминан 15-20 метр масофа қолганида тўхтади ва бироз бизга қараб турди. Сўнгра машинани ҳовли дарвозаси олдида турган собиқ турмуш ўртоғи томонга бошқариб бориб, уни деворга тираб қўйди. Кейин йўлак бўйлаб келаётган собиқ қайнонаси томонга рул бошқарувини буриб, уни машина олд томони билан уриб юборди ҳамда устидан босиб ўтди. Шу вақтда мен тан жароҳати олмаслик учун узоқроқ жойга қочиб кетдим.

Салим Рустамов юк машинасини орқага қайтариб буриб олиб, ерда ҳушсиз ётган қайнонаси устидан яна бир маротаба ҳайдаб ўтди. Шу вақтда четроқда турган собиқ қайнотаси қўлтиқ ҳассасида қизининг олдига борди. Салим Рустамов унинг устига ҳам машинасини бошқариб борди ва уларни босиб кетди. Сўнгра машинасидан пичоқ олиб тушиб, собиқ турмуш ўртоғининг ёнига борди ҳамда унга икки марта пичоқ суққанини кўрдим”.

Шундан сўнг Салим Рустамов “яна қайсинг шу аҳволга тушишни хоҳлайсанлар?”, дея МИБ ходимларини қувган. Сўнгра қўлидаги пичоқни улоқтириб, машинага ўтириб, воқеа жойидан кетган. Гулмира Эргашева ва унинг ота-онаси оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.

ЖИБ Томди туман судининг 2025 йил 15 июлдаги ҳукми билан Салим Рустамов Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми ҳамда 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а,в,д,ж” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Жиноят иши Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилган.

Салим Рустамов апелляция шикоятида оиласи билан ҳеч қандай жанжал ёки низо келиб чиқмаганини, жиноят содир этганида ақли ҳуши ўзида бўлмаганини айтиб, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган. Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 28 октябрдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.  

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид