Молия | 21:08 / 07.11.2025
24592
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар учун долларда пул жамғариш қанчалик фойдали?

Сўнгги пайтларда долларнинг сўмга нисбатан курси ҳаммани ҳайрон қолдиряпти. Тўғри-да, ўзбекистонликлар умри бино бўлиб ҳали бунақасини кўрмаган. Июн ойи бошида 12 800 сўм бўлган курс, орадан 6 ой ўтиб, 12 минг сўмдан пастга тушди. Бу – кўпчиликни ўйлантириши табиий, чунки мамлакатдаги аксарият йирик олди-сотдилар долларда амалга оширилади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Долларда пул жамғариш қанчалик фойдали?

Ўзбекистонда уй ёки машина каби каттароқ қийматдаги савдоларда ҳисоб-китоблар долларда амалга оширилиши ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто телефон харид қилмоқчи бўлсангиз ҳам, қурилма Америка валютасида нархланади. Шунга монанд тарзда, аксарият ўзбекистонликлар миллий валютада даромад топса-да, ортиқча пулини тезда доллар қилишга ва жамғариб боришга одатланган. Бу усул қисман инфляциядан ҳимоя қилади, лекин даромад келтирмайди.

Охирги йиллардаги тенденцияга қарайдиган бўлсак, сўм долларга нисбатан 2021 йилда (10 476/10 837) 3,4 фоизга, 2022 йилда (10 837/11 225) 3,6 фоизга, 2023 йилда (11 225/12 338) 9,9 фоизга, 2024 йилда эса (12 338/12 920) 4,7 фоизга ўз қийматини йўқотган. 2025 йил бошидан 7 ноябргача бўлган даврда миллий валюта долларга нисбатан 7 фоизга мустаҳкамланди.

2021 йил бошидан бери сўм АҚШ валютасига нисбатан умумий ҳисобда 14,6 фоизга қадрсизланган. Бу даврда Ўзбекистондаги инфляция даражаси 54 фоизни ташкил этган. Яъни 2021 йилнинг бошида 40 минг доллар пулни сандиққа солиб қўйган Тошмат айни пайтда ўз жамғармасининг реал қийматларда сезиларли қисмини йўқотди.

Бошқа бир мисол келтирамиз. Тошмат 2021 йилда 40 минг долларга 2 хонали квартира харид қилди ва ҳозир кўчмас мулкни 55 минг долларга сотяпти. Бу ерда ҳам у реал қийматда 15 минг доллар фойда кўрмайди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда долларнинг йиллик ўртача курси 10 609 сўм бўлган. Бунда 40 минг доллар 424 млн 360 минг сўмни ташкил этади. 2021 йилнинг ўртасидан 2025 йилнинг сентябр ойи якунигача тўпланган инфляция даражаси 48 фоизни ташкил этган ҳолда, 424 млн 360 минг сўмга харид қилиш мумкин бўлган маҳсулотларнинг қиймати 629 млн 448 минг сўмга етган. Бу 52 минг 432 долларга тенг.

Ёки, 2021 йилда 100 долларга ўртача ҳисобда 18 кг гўшт харид қилган бўлсангиз, бугун бу пулга 10 кг гўшт олиш мумкин. Ўзбекистон каби инфляция юқори мамлакатларда ортиқча даромадни долларга айлантириб, сандиқда сақлаш орқали ҳам йилдан йилга камбағаллашиб бориш мумкин. Шу жиҳатдан доллар инфляциядан фақат қисман ҳимоя воситасигина холос.

Доллар тушди, нега нархлар арзонлашмаяпти?

Савдо марказларида нархлар нега ошди деган саволга “доллар кўтарилди-ку” деган жавобни кўп эшитганмиз. Аҳолининг ҳам, бизнеснинг ҳам инфляцион кутилмаларида валюта курсининг ўзгариши нархлар ошишига таъсир қилувчи энг асосий омиллардан бири бўлиб келган. Марказий банк маълумотига кўра, 2024 йилда экспорт товарларининг 15 фоизи, импорт товарларининг эса 40 фоизи курс ўзгаришига таъсирчан бўлган.

Иқтисодчи Миркомил Холбоев доллар сўмга нисбатан арзонлашаётган бўлса-да, нархлар нега тушмаётганини қуйидагича изоҳлади.

“Биринчи навбатда валюта курсининг ўзгариши барча товарларга эмас, балки импорт товарлари ёки импорт хомашё ишлатиладиган товарлар нархига таъсир қилади. Импорт нархларига эса сиз билан биз ҳар куни ишлатадиган валюта курси эмас, балки реал валюта курси таъсир ўтказади. Яъни импорт нархларига нафақат ҳамкорлар ўртасидаги валюта курси, балки улардаги инфляциянинг ўзгариши ҳам таъсир ўтказади. Бунда асосий ҳамкорлардаги инфляция даражаси ва уларнинг валютасига нисбатан сўмнинг қандай ўзгараётгани кўпроқ аҳамият касб этади.

Умуман олганда, сўм йил бошидан буён долларга нисбатан мустаҳкамланаётган бўлса-да, биринчи чоракда асосий ҳамкорларимиз валюталаридаги кескин ўзгаришлар (асосан рубл) реал самарали алмашинув курсининг қадрсизланишига олиб келди. Реал самарали алмашинув курсининг қадрсизланиши эса импорт қимматлашишига олиб келади (нарх ўсишининг тезлашишига). Хусусан, январ-апрел ойларида импорт товарларининг нарх ўсиши 4,5 фоизни ташкил этган. Таққослаш учун, 2024 йилнинг мос даврида импорт товарлари нархи 4,8 фоизга, 2023 йилда эса 1,9 фоизга ошган эди. Яъни импорт нархларининг ўсиши биринчи 4 ойда сезиларли даражада юқори бўлган.

Май ойидан эса номинал курс (биз ҳар куни кўрадиган ва ишлатадиган курс) қаторида реал курс ҳам мустаҳкамланишни бошлади. Натижада май-сентябр ойларида импорт товарларининг нарх ўсиши 1,1 фоизни ташкил этди. Таққослаш учун 2024 йилнинг мос даврида импорт товарлари нарх ўсиши 5,5 фоизни, 2023 йилнинг мос даврида эса 4,3 фоиз бўлган. Яъни бу даврда импорт товарларининг нарх ўсиши олдинги йиллар билан таққослаганда сезиларли секинлашган.

Таъкидлаш керакки, бу давр савдо урушининг ҳам кучайишини ҳам ўз ичига олади. АҚШ каби йирик иқтисодиётнинг бошқа йирик иқтисодиётга божларни ошириши биз каби кичик давлатлар учун нархни пасайтирувчи характерга эга. Яъни Хитой товарларига АҚШда талабнинг пасайиши бошқа давлатларда Хитой товарлари нархи пасайишига олиб келади”, дея ёзди иқтисодчи.

Ҳисоб-китобларда сўм улуши ортяпти

Сўмнинг мустаҳкамланиши фонида Ўзбекистон иқтисодиётидаги долларлашув даражаси сезиларли қисқарган. Марказий банк раиси Тимур Ишметовнинг маълум қилишича, банк секторида долларлашув даражаси кредитлар бўйича 41 фоиздан 37 фоизгача, депозитлар бўйича 26 фоиздан 23 фоизгача пасайган.

Шунингдек, сўмнинг мустаҳкамланиши ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини камайтириш имконини берган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат қарзи бўйича 1,3 триллион сўм, корпоратив қарз бўйича 3,6 триллион сўм иқтисод қилиниши кутиляпти.

Мавзуга оид